Ўзбекистон банклари 9 ойда 15 трлн сўмдан ортиқ соф фойда олди
2026-йилнинг дастлабки тўққиз ойидаёқ банк тизимининг соф фойдаси ўтган 2025-йилги умумий кўрсаткичнинг 98,5 фоизига етди. Эътиборлиси, тизимдаги умумий ўсишнинг қарийб ярми (45 фоизи) фақатгина битта банк ҳиссасига тўғри келмоқда.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026-йилнинг январ–сентябр ойлари якунларига кўра, Ўзбекистонда фаолият юритаётган 34 та тижорат банкининг умумий соф фойдаси 15 трлн 262 млрд сўмни ташкил этди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг (10 трлн 876 млрд сўм) мос даврига нисбатан 4 трлн 386 млрд сўмга ёки 40,3 фоизга кўп.
Тизимда 32 та банк даврни фойда билан якунлаган бўлса, 2 та банк зарар қайд этган. Шунингдек, 24 та банкнинг молиявий натижаси ўтган йилга нисбатан яхшиланган, 10 тасиники эса ёмонлашган.
Ўсишнинг асосий драйвери — «Ипотека банк»
Тизим соф фойдаси ўсишининг қарийб тенг ярми битта банк ҳиссасига тўғри келмоқда. «Ипотека банк»нинг соф фойдаси бир йил ичида 1 трлн 969,8 млрд сўмга ошиб, тизим бўйича умумий ўсишнинг 44,9 фоизини таъминлади.
Ўтган йилнинг 9 ойида бор-йўғи 102,5 млрд сўм фойда кўрган ушбу банк жорий йилда бу кўрсаткични 20 баробарга ошириб, 2 трлн 72,3 млрд сўмга етказди ва рейтингда 19-ўриндан тўғридан-тўғри 1-ўринга чиқиб олди. Агар ушбу банкнинг натижаси чиқариб ташланса, қолган банкларнинг соф фойдаси ўсиши 22,4 фоизни ташкил этган бўлар эди.
Гигантлар
Банклар олган жами соф фойданинг қарийб 50 фоизи (7,62 трлн сўм) бешта йирик банк ҳиссасига тўғри келади. Ўтган йили соф фойдаси 1 трлн сўмдан ошган банклар тўртта бўлган бўлса, бу йил уларнинг сафи бештага етди:

Шунингдек, етакчи ўнликдан «Халқ банки» (837,3 млрд), «Ипак Йўли банк» (821,8 млрд), «Трастбанк» (766,8 млрд), «Orient Finans bank» (724,6 млрд) ва «КДБ Банк» (644,7 млрд) ўрин олди. Бу 10 та банк тизим бўйича жами соф фойданинг 74,8 фоизини шакллантирди (ўтган йили 80,6 фоиз эди).
Давлат ва хусусий банклар кесимида
Давлат улуши бўлмаган 25 та хусусий банк:
Жами соф фойда 10 трлн 613 млрд сўмни ташкил этиб, ўсиш 55,4 фоизга етди. Натижада хусусий банкларнинг умумий фойдадаги улуши 62,8 фоиздан 69,5 фоизга ошди (бу ўсишнинг ҳам 52,1 фоизи «Ипотека банк» ҳиссасига тўғри келади).
Давлат улуши мавжуд 9 та банк:
Жами соф фойда 4 трлн 649 млрд сўмни ташкил қилди (ўсиш 14,9 фоиз). «Ўзмиллийбанк» фойдаси 7,1 фоизга ошган бўлса, «Агробанк» (5,2 баробар), «Халқ банки» (3,1 баробар), «Туронбанк» (+74,2 фоиз), «Алоқабанк» (+58,4 фоиз) ва «Асакабанк» (+51,4 фоиз) фойдасини сезиларли оширди.
Ўсиш ва пасайишлар динамикаси
Мавжуд 34 та банкдан 24 таси ўз фойдасини ўтган йилга нисбатан оширди, қолган 10 тасида эса камайиш кузатилди.
Энг кўп фойдасини оширганлар
«Ипотека банк» ва «Халқ банки»дан ташқари, «Узум Банк» (7,6 млрд сўмдан 485 млрд сўмгача), «ИнФинБанк» (196,5 млрд сўмдан 530,7 млрд сўмгача), шунингдек, «APEXBANK», «Ҳамкорбанк», «Капиталбанк», «КДБ Банк», «Алоқабанк» ва «Трастбанк». Эътиборлиси, ўтган йили 52,2 млрд сўм зарар кўрган «APEXBANK» бу йил 179 млрд сўм соф фойдага чиққан.
Фойдаси энг кўп камайганлар
«Ўзсаноатқурилишбанк» (-178,9 млрд), «Микрокредитбанк» (-141,3 млрд), «АНОРБАНК» (-131,4 млрд), «Бизнесни ривожлантириш банки» (-127,3 млрд), «ТБC Банк» (-100 млрд сўмлик пасайиш), шунингдек «Orient Finans bank», «Asia Alliance Bank», «Универсалбанк», «Пойтахт банк» ва «my-bank».
Зарар билан якунлаганлар
Бутун тизим бўйича фақат иккита банк 9 ойликни зарар билан якунлади. Булар — «ТБC Банк» (69,6 млрд сўм зарар) ва «Микрокредитбанк» (50,4 млрд сўм зарар). Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида бу банклар мос равишда 30,3 млрд сўм ва 90,9 млрд сўм соф фойда олган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон банкларининг фойдаси 2026-йилнинг январ–июл ойларида 12,34 трлн сўм бўлганди.





