Ўзбекистон Президенти ЕОИИга бешта янги ташаббусни илгари сурди
Остонада бўлиб ўтаёган саммитда Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ҳамкорликнинг янги йўналишларини таклиф қилди. Ташаббуслар савдо, саноат ва миграцияни қамраб олади.
© prezident.uzЎзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бўлиб ўтаёган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишида иштирок этиб, Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор муҳим таклифларни илгари сурди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари сўнгги йилларда Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасидаги муносабатлар комплекс иқтисодий шериклик даражасига чиққанини таъкидлади.
Қайд этилишича, ўзаро савдо ҳажми ўсиб, саноат кооперацияси чуқурлашмоқда, логистика ва рақамли иқтисодиёт соҳаларида янги имкониятлар пайдо бўлмоқда.
Президент жорий йилда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан уч йиллик ҳамкорлик режаси якунланаётганини билдириб, кузда Тошкентда Қўшма ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказиш ва янги ҳамкорлик дастурини қабул қилишни таклиф қилди.
Рақамли савдо
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва ЕОИИ давлатлари ўртасида тўсиқларсиз савдо учун ягона рақамли макон яратиш муҳимлигини таъкидлади. Бу электрон тижоратни ривожлантириш, божхона ва назорат тизимларида рақамли маълумот алмашиш ҳамда электрон ҳужжатларни ўзаро тан олишни ўз ичига олади.
Шунингдек, давлат раҳбари рақамли транзитни жорий қилиш, кузатув тизимларини интеграциялаш ва «ақлли» транспорт-божхона йўлакларини яратиш бўйича ҳамкорликни кучайтиришни таклиф қилди.
Саноат кооперацияси ва инвестициялар
Президент саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида Ўзбекистонда ЕОИИ билан ҳамкорликда қўшма лойиҳа офиси ташкил этиш ташаббусини ҳам илгари сурди.
«ЕОИИ давлатларидан келадиган юқори технологияли резидентлар учун қўшимча рағбатлантирувчи шароитларни ишлаб чиқишга тайёрмиз»,— дейилади Президент нутқида.
«Яшил» иқтисодиёт ва сунъий интеллект
Нутқда саноатни «яшил» трансформация қилиш бўйича қўшма дастур қабул қилиш таклифи ҳам ўрин олди. Президент энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий қилиш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш орқали саноат рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Миграция ва туризм соҳасида ҳамкорлик
Бундан ташқари, меҳнат миграцияси соҳасида миллий электрон хизматларни ўзаро боғлаш, шунингдек, «Марказий Осиё туристик ҳалқаси» ташаббуси доирасида ЕОИИ мамлакатлари билан туризм соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш таклиф қилинди.
Президент сўз якунида Ўзбекистоннинг ЕОИИ билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма лойиҳаларда фаол иштирок этишга тайёрлигини тасдиқлади.





