Ўзбекистон Россиядан ҳар йили 7000 бош зотдор сигир сотиб олади
Ўзбекистонда аҳоли даромадини ошириш ва озиқ-овқат таъминотини кучайтириш учун Россия билан йирик аграр лойиҳалар муҳокама қилинди.
© РИА Новости / Виталий БелоусовЎзбекистон Россиядан ҳар йили 7000 бош голштеин зотли наслли қорамол олиб келишни режалаштирмоқда. Уларни маҳаллалардаги оилаларга тақсимлаш таклиф этилган. Бу масала 11 сентябрь куни Москвада Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов ва «СТЕП» агрохолдинги бош директори Андрей Недужко ўртасидаги музокараларда муҳокама қилинди.
Томонлар агросаноат соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, наслли қорамол етказиб бериш масалаларини кўриб чиқди. Голштеин зотидаги сигирлар суткасига 40 литргача ва ундан кўпроқ сут бериши мумкинлиги қайд этилди.
Ташаббусдан мақсад оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли учун барқарор даромад манбаи яратишдан иборат. Шу орқали оилаларнинг камбағалликдан чиқишига ҳам кўмаклашиш кўзда тутилмоқда.
500 минг тонна буғдой
Музокараларда Ўзбекистонга Россиядан буғдой етказиб бериш имкониятлари ҳам муҳокама қилинди. Россияда ҳосил юқори бўлгани инобатга олиниб, Каспий денгизи орқали 500 минг тоннагача буғдой олиб келиш таклиф этилди.
Донни Ўзбекистонга етказишда Россиянинг Астрахан ва Махачқала портларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Савдо-саноат палатаси маълумотларига кўра, учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан ташқари, уларни қайта ишлашга қаратилган лойиҳалар ҳам муҳокама қилинган.
Томонлар сут ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ҳам устувор йўналишлардан бири сифатида белгилади. Бу йўналишда қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон ва Россия вакиллари режалаштирилган лойиҳаларни амалга оширишнинг аниқ механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди. Лойиҳалар чорвачилик, дон таъминоти ва озиқ-овқат саноатини қамраб олади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ҳиндистондан гўшт импортини кенгайтиришни режалаштираётгани ҳақида хабар берилганди.





