Logo

Ўзбекистон Суперлигаси клублари тадбиркорлар бошқарувига берилади

Bugun 17:132 daqiqa

ЎФА томонидан эълон қилинган танлов шартларига кўра, клуб харажатларининг камида 20 фоизини қоплайдиган инвесторларга солиқ имтиёзлари, футболчилар учун даромад солиғидан озод қилиш ва марказий телеканалларда реклама учун 50 фоизлик чегирмалар тақдим этилади.

Ўзбекистон Суперлигаси клублари тадбиркорлар бошқарувига берилади © Foto: FCBunyodkor.com

Ўзбекистонда 11 та профессионал футбол клуби бошқарувини тадбиркорларга бериш бўйича танлов эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, танловда иштирок этиш учун тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳи профессионал футбол клублари фаолияти билан боғлиқ йиллик барча харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағларини киритиши талаб этилади.

Бошқарувга топширилиши кутилаётган клублар рўйхатидан «Бунёдкор», «Бухоро», «Динамо», «Қизилқум», «Навбаҳор», «Насаф», «Нефтчи», «Локомотив», «Машъал», ОКМК ҳамда «Пахтакор» футбол клублари жой олган.

Мазкур жараён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 24 мартдаги «Спорт соҳасини молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш ва соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан амалга оширилмоқда.

Тадбиркорлар учун қандай имтиёзлар кўзда тутилган?

Расмий хабарга кўра, фойда солиғини ҳисоблашда юридик шахсларнинг солиққа тортиладиган фойдаси клублар фаолиятини молиялаштиришга йўналтирилган ҳомийлик хайриялари шаклидаги маблағлар суммасига камайтирилади. Бироқ ушбу чегирма солиққа тортиладиган фойданинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда бўлиши тартиби ўрнатилган.

Бундан ташқари, молиявий енгилликлар футболчиларга ҳам тааллуқлидир. Унга кўра, футбол клубларининг ўйинчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади, шунингдек, улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади.

Шунингдек, инвесторлар ўз маҳсулот ва хизматларини миллий телеканаллар орқали реклама қилишда молиявий рағбатга эга бўлади.

«Клубни бошқарувга олган тадбиркорларнинг ўз маҳсулот ёки хизматларини спортни оммалаштиришга йўналтирилган эфирлар трансляцияси давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги марказий ва ҳудудий телеканалларда реклама қилишда 50 фоизлик чегирмалар берилади», – дейилади хабарда.

Teglar