Ўзбекистонда 2026 йилги ялпи ички маҳсулот режаси 167 млрд этиб белгиланди
Президент раислигида ўтган видеоселекторда 2025 йил макроиқтисодий натижалари таҳлил қилинди. 2026 йил учун 6,6 фоиз ўсиш режаси эҳтиёткор прогноз сифатида белгиланди.
© Foto: Prezident matbuot xizmati13 феврал куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда 2025 йил макроиқтисодий натижалари қайд этилди. Ялпи ички маҳсулот 7,7 фоизга ўсиб, 147 млрд доллардан ошди. Ўсишнинг ярмидан кўпи хизматлар ҳисобига таъминланган.
Қишлоқ хўжалигида гектаридан ўртача даромад 4,5 минг доллардан 5 минг долларга етди, меҳнат унумдорлиги 4,7 фоизга ошди. Илғор ва энергия тежамкор технологиялар жорий этилиши натижасида бир долларлик қўшилган қиймат яратишга сарфланган энергия харажатлари 15 фоизга камайди.
Президент 2026 йил учун 6,6 фоизли иқтисодий ўсиш орқали ЯИМни 167 млрд долларга етказиш режаси геосиёсий вазият ва иқтисодий тебранишлар инобатга олинган ҳолда шакллантирилган эҳтиёткор прогноз эканини таъкидлади.
Ташқи бозор ва инфляция
Йиғилишда иқтисодий ўсишни ташқи бозорлар ҳисобига таъминлаш алоҳида йўналиш сифатида белгиланди. Президент «ички бозордаги талабнинг ўзи билан юқори иқтисодий ўсишни таъминлаб бўлмаслиги»ни қайд этиб, янги маҳсулотлар билан янги бозорларга чиқиш вазифасини қўйди.
Январ ойида йиллик инфляция 7,2 фоизни ташкил этди. Инфляциянинг 45 фоизи озиқ-овқат ҳисобига, шундан 13 фоизи гўшт нархи ҳисобига тўғри келгани маълум қилинди.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва меҳнат унумдорлиги марказига инфляция хатарларини олдиндан аниқлаш, ҳар ҳафта бозорларни таҳлил қилиш ва озиқ-овқат балансини шакллантириш вазифаси юклатилди.
Рамазон ойи муносабати билан деҳқон бозорлари ва йирик савдо комплексларида арзонлашган озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил этиш топширилди.
Қишлоқ хўжалиги вазифалари
Гўштда импортга қарамликни қисқартириш учун озуқа базасини мустаҳкамлаш зарурлиги таъкидланди. Муборак туманида 5 минг гектарда маккажўхори экиш бошлангани мисол сифатида келтирилди. Жорий йил яна 60 минг гектарда шу ишлар амалга оширилади.
Бу орқали 350 минг чорва учун кафолатланган озуқа базаси яратилиши кутилмоқда. Шунингдек, ўтган йили 772 минг тонна картошка импорт қилингани қайд этилиб, жорий йил 4,5 млн тонна ҳосил олиш вазифаси белгиланди.





