Logo

Ўзбекистонда аҳоли кредитлари бизнесникига нисбатан тезроқ ўсмоқда

Bugun 13:052 daqiqa

Бир йил ичида аҳолининг банклар олдидаги кредит қарзи 39,5 трлн сўмга кўпайди. Кредит турлари орасида ипотека ва микрокредитлар ўсиш қайд этган, таълим кредитлари эса камайган.

Ўзбекистонда аҳоли кредитлари бизнесникига нисбатан тезроқ ўсмоқда

2026-йил 1-июл ҳолатига кўра, Ўзбекистон банк тизимидаги жами кредитлар қолдиғи 642,8 трлн сўмни ташкил этди.

Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошига нисбатан бу кўрсаткич 6,4 фоизга, яъни 38,8 трлн сўмга, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 67,6 трлн сўмга ўсган.

Жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар қолдиғи ярим йилда 220,3 трлн сўмдан 235,9 трлн сўмга етиб, 7,1 фоизга ошди. Юридик шахслар кредитлари эса 383,7 трлн сўмдан 406,9 трлн сўмга кўтарилиб, ўсиш суръати 6,1 фоизни ташкил қилди. Бу аҳоли қарздорлиги корхоналарга нисбатан тезроқ ўсганини кўрсатади.

Таҳлилларга кўра, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда аҳоли кредитлари қарийб 39 трлн сўмга, корхоналарники эса 28,6 трлн сўмга кўпайган.

Ипотека ва микрокредитлар ўсди

Жисмоний шахсларга ажратилган кредит турлари кесимида энг катта ҳажмни ипотека кредитлари сақлаб қолмоқда. Улар йил бошидан буён 79,4 трлн сўмдан 86,6 трлн сўмга етиб, 9 фоизга ўсди.

Микрокредитлар ҳажми 13,1 фоизга ошиб, 45,8 трлн сўмни ташкил этди. Микроқарзлар 3,5 фоизга ўсиб, 50,6 трлн сўмга етди. Кредит карталари ва овердрафтлар каби бошқа истеъмол кредитлари эса энг юқори суръатлардан бирини қайд этиб, 29,8 фоизга ошиб 5,8 трлн сўмга етди.

Шу билан бирга, автокредитлар деярли ўзгармай, 39,8 трлн сўм даражасида қолди. Таълим кредитлари эса 0,9 фоизга қисқариб, 6,9 трлн сўмни ташкил қилди.

Қайси банклар етакчи?

Банклар кесимида жами кредит қолдиғининг 422,2 трлн сўми давлат банклари, 220,5 трлн сўми эса хусусий банклар ҳиссасига тўғри келади. Давлат банклари кредит портфели бир йилда 26 трлн сўмга, хусусий банкларники эса 39,5 трлн сўмга ошган.

Энг йирик кредит портфелига эга банклар сифатида «Milliy bank» (107,1 трлн сўм) ва «Agrobank» (91,2 трлн сўм) қайд этилди. Хусусий банклар орасида эса «Kapitalbank» 38,3 трлн сўмлик кредит портфели билан етакчилик қилди.

Teglar

Mavzuga oid