Ўзбекистонда инфляция биринчи марта 7 фоизга тушди
Инфляцияга асосий босимни озиқ-овқат маҳсулотлари бермоқда. Марказий банк 5 фоизлик инфляцияга эришишни мақсад қилган.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva2026-йил апрель ойида Ўзбекистонда истеъмол нархлари индекси ойлик ҳисобда 0,6 фоизга ўсди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар бермоқда.
Ўтган ойда йиллик инфляция даражаси 7 фоизни ташкил қилди. Бу очиқ маълумотларга кўра, Ўзбекистон учун энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Таққослаш учун, 2025-йилнинг апрель ойида бу йиллик инфляция анча юқори — 10,1 фоиз бўлган эди.
Маълумот учун, Марказий банк инфляцияни 5 фоизлик мақсадли кўрсаткичга туширишга ҳаракат қилмоқда. Бунга 2027-йилда эришиш кутилмоқда.
Йил бошидан буён (январ-апрель) истеъмол нархлари ўртача 2,5 фоизга ошган. Мева ва сабзавотлар нархини ҳисобга олмагандаги йиллик инфляция эса 7,6 фоизни ташкил этмоқда.

Асосий таъсир — озиқ-овқат маҳсулотлари
Апрел ойидаги 0,6 фоизлик ойлик инфляциянинг шаклланишига энг катта таъсирни озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ўзгариши кўрсатди.
Ой давомида озиқ-овқат маҳсулотлари 1 фоизга қимматлаган бўлса, ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархи 0,3 фоизга, хизматлар нархи 0,4 фоизга ошди.
Ўтган ойда гўшт маҳсулотлари сезиларли қимматлашди: қўй гўшти нархи 3,7 фоизга, суякли ва суяксиз мол гўшти 3,2 фоизга, гўшт қиймаси эса 2,9 фоизга кўтарилди.
Йиллик ҳисобда қўй гўшти нархи 20,3 фоизга, мол гўшти нархи эса 16-17 фоизга кўтарилди.
Шунингдек, шакар 2,2 фоизга, балиқ 2 фоизга ва ўсимлик ёғи 0,8 фоизга қимматлади. Бошқа томондан, асосий истеъмол товарларидан тухум 3,6 фоизга, парранда гўшти 1,2–1,3 фоиз оралиғида, гуруч эса 1,1 фоизга арзонлашгани инфляцияни бироз жиловлашга ёрдам берган.
Мева ва сабзавотлар бозорида нархлар хилма-хиллиги кузатилди: булғор қалампири (10,3 фоиз), картошка (6,5 фоиз) ва олма (4,5 фоиз) нархларида энг юқори ўсиш қайд этилди. Айни пайтда бодринг нархи кескин – 26,1 фоизга арзонлашган бўлса, кўкатлар (3,3 фоиз), пиёз (2,7 фоиз) ва помидор (2,4 фоиз) ҳам харидорлар учун арзонлашди.
Ёқилғи ва хизматлар соҳасидаги ҳолат
Транспорт ва ёқилғи харажатлари ҳам нархлар индексига ўзининг сезиларли таъсирини кўрсатиб, умумий кўрсаткични 0,05 фоиз бандга оширган.
Ой давомида бензин нархи ўртача 1,4 фоизга (жумладан, Ai-92 маркаси 1,6 фоизга), автомобилларга газ тўлдириш шохобчаларида метан нархи эса 0,7 фоизга ошган. Аксинча, пропан нархи 2,8 фоизга пасайиб, унинг 1 литри учун энг юқори нарх 7 000 сўмни ташкил қилди.
Шу билан бирга, йўловчи ташиш транспорти хизматлари қимматлашмоқда: халқаро авиақатновлар чипталари нархи 2,6 фоизга, ички рейслар 2,3 фоизга, узоқ масофага қатновчи поездлар 1,4 фоизга ҳамда шаҳар автобусларида йўл ҳақи 1,6 фоизга ошгани хабар қилинган.
Коммунал тўловлар соҳасида асосий ўзгариш маиший чиқиндиларни олиб чиқиш тарифларида кузатилиб, ушбу хизмат мамлакат бўйича ўртача 2,4 фоизга қимматлаган. Уй-жой ижараси тўловларида ҳам ойлик 0,6 фоизлик ўсиш қайд этилди.





