Logo

Ўзбекистонда исломий банкларни лицензиялаш тартиби тасдиқланди

Bugun 11:282 daqiqa

Исломий банклар ташкил этиш ва банкларда «исломий дарча» очиш учун лицензиялаш талаблари белгиланди. Янги тартибга кўра, исломий банк фаолияти учун масъул раҳбар ходим банк ёки молия тизимида камида 7 йиллик иш тажрибасига, тегишли олий маълумотга ҳамда «ААОИФИ»нинг халқаро сертификатларидан бирига эга бўлиши шарт.

Ўзбекистонда исломий банкларни лицензиялаш тартиби тасдиқланди © yakazanec.com

Адлия вазирлиги Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низомга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат 2026 йил 17 июлда 3252-7-сон билан рўйхатдан ўтган.

Янги тартиб «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонун асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра исломий банк фаолияти фақат лицензия асосида амалга оширилади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари томонидан исломий банк ташкил этиш ҳамда анъанавий тижорат банкларида «исломий дарча»лар очишнинг ҳуқуқий асослари белгиланди.

Лицензия учун талаблар

Низомга мувофиқ, исломий банк ёки «исломий дарча» ташкил этишда исломий молия кенгаши аъзолари Марказий банк билан келишилиши, банкда исломий банк фаолияти учун масъул раҳбар ходим фаолият юритиши ва исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати ишлаб чиқилган бўлиши шарт.

Лицензия олиш учун банклар акциядорлар қарори, уч йиллик бизнес-режа, исломий молия стандартларига мувофиқлик сиёсати, кенгаш аъзолари ҳақидаги маълумотлар ва исломий операциялар бўйича алоҳида ҳисоб юритиш имкониятини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиши керак.

Шунингдек, банкларни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёнида ногиронлиги бўлган шахслар учун биноларда қулай шароитлар яратилганини тасдиқловчи ваколатли орган хулосаси ҳам талаб этилади.

Марказий банк лицензия бериш ҳақидаги қарорни барча ҳужжатлар қабул қилинганидан кейин икки ой ичида қабул қилади. Лицензия учун давлат божи банк устав капитали энг кам миқдорининг 0,1 фоизи миқдорида белгиланмоқда.


Кенгаш аъзоларига талаблар


Ҳужжатда исломий молия кенгашининг таркиби ва аъзоларига қўйиладиган малака талаблари ҳам аниқ белгиланди.

Кенгаш камида уч нафар аъзодан иборат бўлиши лозим. Раис ва унинг ўринбосари исломшунослик йўналишида олий маълумотга эга бўлиши, қолган аъзолар эса молия-иқтисод, ҳуқуқ ёки исломшунослик соҳаларида олий маълумот олган бўлиши керак.

Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассислар камида беш йиллик, молия ёки ҳуқуқ соҳасидаги техник экспертлар эса камида етти йиллик иш тажрибасига эга бўлиши талаб этилади.

Шунингдек, камида битта аъзо, 2027-йил 1-июлдан эса барча аъзолар «ААОИФИ» томонидан берилган халқаро сертификатлардан бирига эга бўлиши шарт. Ислом ҳуқуқи бўйича барча мутахассис аъзолар араб тилини билиши ва ислом ҳуқуқига оид бирламчи манбаларни таҳлил қила олиши лозим.

Бошқа ўзгаришлар

Исломий банк фаолияти учун масъул раҳбар ходим ҳам банк ёки молия тизимида камида етти йиллик иш тажрибасига, тегишли олий маълумотга ҳамда «ААОИФИ» сертификатларидан бирига эга бўлиши керак.

Шу билан бирга, Марказий банк билан келишилган раҳбар ходимлар ўз вазифасига киришгани ҳақида беш иш куни ичида Марказий банкни ёзма равишда хабардор қилиш талаби бекор қилинди. Янги нормалар исломий молия институтларини ташкил этиш ва уларни лицензиялаш жараёнини ҳуқуқий жиҳатдан аниқлаштиришга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, июн ойида Марказий банк ушбу қарор лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этган эди.

Teglar

Mavzuga oid