Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 3,6 фоизгача қисқарди — вазирлик
«Онлайн маҳалла» платформаси орқали 64,1 млрд сўм субсидия ва 79,8 млрд сўм ссуда ажратилди.
© Ijtimoiy tarmoqlarЎзбекистонда йилнинг дастлабки 9 ойи давомида камбағаллик даражаси 5,8 фоиздан 3,6 фоизгача пасайди. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабар берди.
Вазирликнинг айтишича, камбағалликдан холи маҳаллалар сони 3 627 тага етган. 824 минг фуқаро доимий ишга жойлаштирилган, 4 миллиондан ортиқ аҳолининг даромадини оширишга кўмаклашилган. 980 минг фуқаронинг норасмий бандлиги расмийлаштирилган. 96 мингдан ортиқ киши касбга ўқитилган, битирувчиларнинг қарийб 45 минги иш билан таъминланган.
Шунингдек, «Ижтимоий реестр»даги даромади ошган 440 мингта оила реестрдан чиқарилган. Таъкидланишича, ваучер тизими орқали 95 мингдан ортиқ фуқаро касбга ўқишга жалб қилинган. Ўқишни тамомлаган 56,5 минг кишидан 43 мингдан ортиғи иш билан таъминланган.
Бундан ташқари, давлат меҳнат инспекцияси аралашуви билан ходимларга 832,1 миллиард сўмдан ортиқ иш ҳақлари ундириб берилган. Меҳнат ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 4 467 ўзбекистонликнинг ҳуқуқлари тикланган.
«Онлайн маҳалла» платформаси орқали 64,1 миллиард сўм субсидия ва 79,8 миллиард сўм ссуда ажратилгани айтилди.
Маълумот учун, 2010-йилдан бери биринчи марта ўта камбағалликда яшаётган одамлар сони кўпайди. Ҳозирда дунё бўйича бундай инсонлар сони 1,2 миллиардга етган. 2026-йилги ҳисоботда ривожланаётган 108 та мамлакатдаги камбағаллик даражаси таҳлил қилинган. Бу давлатларда жаҳон аҳолисининг 78 фоизи яшайди. Агар инсон соғлиқни сақлаш, таълим ва яшаш шароитини қамраб олувчи 10 та кўрсаткичдан камида учдан бир қисми бўйича етишмовчиликка дуч келса, у камбағал ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё йил охиригача камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айлантирилиши айтилганди. Шунингдек, одамларни камбағаллик ва қашшоқликдан чиқариш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида ёзган эдик.





