Logo

Ўзбекистонда келгуси 12 ойдан сўнг асосий ставка 13 фоиз атрофида бўлиши мумкин —экспертлар

Молия бозори экспертлари инфляциянинг босқичма-босқич пасайишини ва навбатдаги бошқарув йиғилишидан сўнг асосий ставка 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолишини прогноз қилмоқда.

Ўзбекистонда келгуси 12 ойдан сўнг асосий ставка 13 фоиз атрофида бўлиши мумкин —экспертлар © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Марказий банк томонидан 2026 йил май ойида ўтказилган сўров натижаларига кўра, молия соҳаси вакилларининг инфляция бўйича кутилмалари янада яхшиланган.

Тадқиқотда жами 41 нафар эксперт иштирок этган бўлиб, уларнинг 71 фоизи тижорат банклари, 22 фоизи микромолия ташкилотлари ва 7 фоизи бошқа молия институтлари вакилларидан иборат бўлган.

Сўров натижаларига кўра, келгуси 12 ой учун инфляция бўйича ўртача кутилма 7,2 фоизни ташкил этди. Бу апрель ойидаги 7,5 фоизлик кўрсаткичдан паст. Келгуси уч йиллик давр учун инфляция бўйича кутилмалар ҳам 5,7 фоиздан 5,4 фоизга тушган.

Экспертлар фикрича, мазкур тенденция инфляциянинг Марказий банк белгилаган 5 фоизлик мақсадли даражага яқинлашаётганини англатади.

Инфляция мақсадига ишонч ортмоқда

Сўров иштирокчиларининг 51 фоизи инфляция даражаси 5 фоизлик мақсадга 2027–2028 йилларда эришилишини прогноз қилган. Бу кўрсаткич апрель ойида 48 фоизни ташкил этган эди.

Мутахассислар инфляциянинг пасайиши билан бирга пул-кредит сиёсатидаги барқарорлик ҳам сақланиб қолишини кутмоқда.

Асосий ставка ўзгармаслиги мумкин

Экспертларнинг 80 фоиздан ортиғи Марказий банкнинг навбатдаги бошқарув йиғилишидан кейин асосий ставка 14 фоиз даражасида сақланиб қолишини тахмин қилмоқда.

Шу билан бирга, келгуси 12 ой ичида асосий ставка 13 фоиз атрофига тушиши мумкинлиги прогноз қилинган.

Иқтисодий ўсиш юқори суръатда сақланади

Сўров натижалари иқтисодий фаоллик бўйича ҳам ижобий кутилмалар шаклланганини кўрсатди. Экспертлар жорий ва келгуси йилларда реал ялпи ички маҳсулот ўсиши 6,4 фоиз атрофида бўлишини кутмоқда.

Номинал иш ҳақи ўсиши эса 2026 йилда 13,3 фоиз, 2027 йилда 12,8 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинган.

Умуман олганда, молия соҳаси экспертлари баҳоларида инфляциянинг босқичма-босқич пасайиши, пул-кредит сиёсатида барқарорлик ва иқтисодий ўсишнинг мустаҳкам сақланишига нисбатан ишонч кучайиб бораётгани намоён бўлмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк бошқаруви 2026 йил 29 апрель куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилганди.

Teglar

Mavzuga oid