Logo

Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшга етди

Bugun 10:502 daqiqa

Соғлиқни сақлаш вазирлиги умр кўриш давомийлигини ошириш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва эрта ўлимни камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошираётганини билдирди.

Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшга етди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитасининг сайёр йиғилишида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Инсон тараққиёти индекси доирасида умр кўриш давомийлигини узайтириш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги умр кўриш давомийлигини ошириш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва эрта ўлимни камайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошираётганини билдирди.
 
Бунинг натижасида Ўзбекистонда ўртача умр кўриш давомийлиги 75,4 ёшга етди ва бу кўрсаткични 2026 йил охирига келиб 75,5 ёшга, 2030 йилга келиб эса 78 ёшга етказиш режалаштирилган.
 
Соғлиқни сақлаш вазири 2025 йилда республика бўйлаб 5,6 миллион болани 13 турдаги вакцина билан назорат қилинадиган юқумли касалликларга қарши эмлаш тадбирлари ташкил этилганини таъкидлади.

Бундан ташқари, 2025 йил давомида 15-49 ёшдаги 9,3 миллиондан ортиқ аёлларнинг 9,2 миллиони тасдиқланган тармоқ режаси асосида республикадаги бирламчи тиббий ёрдам муассасаларида тиббий кўрикдан ўтган. Улардан 3,3 миллионига турли касалликлар ташхиси қўйилган ва 3,2 миллионига тиббий хизматлар кўрсатилган.
 
231 та туғуруқхонани 23 турдаги замонавий ускуналар билан таъминлаш бўйича «Ишонч 2030» лойиҳаси доирасида UNICEF 2,17 миллион АҚШ доллари қийматидаги эҳтиёт қисмлар билан бирга 3 турдаги 409 та ускунани сотиб олди.
 
Сенаторлар томонидан маҳаллалар шароитида аҳолининг тиббий инвентаризациясини ўтказиш тизимини такомиллаштириш ва сурункали касалликларга моил бўлган шахсларни мақсадли скринингдан ўтказиш, шунингдек, юрак-қон томир касалликлари, диабет ва нафас олиш йўллари касалликлари билан оғриган беморларни бирламчи тиббий ёрдамда бепул дори-дармонлар билан таъминлашни янада кенгайтириш бўйича тавсиялар берилди.

Teglar

Mavzuga oid