Logo

Ўзбекистонда туғилиш 2050-йилга бориб 1,2 миллиондан ошади

Bugun 15:002 daqiqa

Ўзбекистонда туғилишлар сони кейинги 25 йилда қарийб 40 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Ўзбекистонда туғилиш 2050-йилга бориб 1,2 миллиондан ошади © SSV

«Оила ва гендер» илмий-тадқиқот институти Ўзбекистонда туғилиш кўрсаткичларининг узоқ муддатли прогнозини эълон қилди. Тадқиқотга кўра, мамлакатда туғилишлар сони келгуси йилларда барқарор ўсиб боради.

Прогнозлар 2030-йилда Ўзбекистонда 892,7 минг нафар чақалоқ туғилишини кўрсатмоқда. 2040-йилга келиб бу кўрсаткич 1 миллион 16,1 минг нафарга етиши кутилмоқда.

2050 йилда эса туғилишлар сони 1 миллион 234,1 минг нафарни ташкил этиши прогноз қилинган. Бу 2025 йилдаги кўрсаткичга нисбатан 354,5 минг нафар ёки 40,3 фоиз кўпдир.

Қайси ҳудудлар етакчи?

Ҳудудлар кесимида туғилишлар сонининг ўсиш суръати Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида юқори бўлиши кутилмоқда. Уларда 2050-йилгача ўсиш мос равишда 62 ва 61 фоизни ташкил этиши прогноз қилинган.

Кейинги ўринларда Андижон вилояти 48,6 фоиз, Самарқанд вилояти 43,3 фоиз ва Наманган вилояти 42,4 фоиз кўрсаткич билан қайд этилган.

Туғилишнинг умумий коэффициенти эса ўрта муддатда бироз пасайиб, кейин яна ўсиши кутилмоқда. 2030 йилда у 21,2 промилле бўлиши, 2050-йилда эса 21,9 промиллега етиши прогноз қилинган.

Инфратузилмага босим ортади

Ҳудудлар орасида туғилишнинг энг юқори умумий коэффициенти Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кузатилиши эҳтимоли юқори. Уларда бу кўрсаткич мос равишда 24,7 ва 23,8 промиллени ташкил этиши кутилмоқда.

Мутахассислар демографик ўсиш таълим, соғлиқни сақлаш, мактабгача таълим, уй-жой ва ижтимоий хизматларга бўлган талабни оширишини таъкидламоқда. Шунингдек, меҳнат бозори инфратузилмасига эҳтиёж ҳам ортиши мумкин.

Прогнозлар давлатга келгусидаги эҳтиёжларни олдиндан баҳолаш, ресурсларни самарали тақсимлаш ва инсон капиталига инвестицияларни стратегик режалаштириш имконини беради.

Teglar

Mavzuga oid