
Ўзбекистонда «яшил» электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 10 млрд kWhдан ошди
Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён қайта тикланувчи энергия манбалари орқали 10 млрд kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди.

8 декабр куни соат 17:00 да навбатдаги рекорд қайд этилди. Ҳозирги вақтда мамлакатда қуёш ва шамол электростанцияларининг умумий ўрнатилган қуввати 5582 MWни ташкил этади. Охирги бир ярим ой ичида ишга туширилган янги лойиҳалар ҳисобига умумий қувват 900 MWга ошган. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Сўнгги бир ярим ой мобайнида қўшимча 1 млрд kWh «яшил» энергия ишлаб чиқилди. Бундан олдинги кўрсаткич — 9 млрд kWh — 22 октябр куни қайд этилган эди.
Қайта тикланувчи манбалар ҳисобига мамлакат 2,7 млрд куб метр табиий газни тежади. Шунингдек, атмосферага чиқадиган зарарли моддаларнинг 4,4 млн тонна олди олинди.
Гидроэлектростанциялар ҳисобга олинганда, 8 декабр соат 17:00 да Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг умумий ҳажми 16 млрд kWhга етди.
Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, бу кўрсаткич мамлакатдаги 6,6 млн истеъмолчининг йиллик эҳтиёжига тўлиқ тўғри келади.
Қиёс учун, 2022 йилда Навоий ва Самарқанд вилоятларида ишга туширилган дастлабки фотоэлектр станциялар 434 млн kWh энергия ишлаб чиқарган. 2023 йилда бу ҳажм 576,9 млн kWhни, 2024 йилда эса 4,86 млрд kWhни ташкил этган.





