Ўзбекистонда заргарлик буюмлари рақамли маркировкаланиши мумкин
Мамлакатда заргарлик буюмларини рақамли маркировкалаш босқичма-босқич жорий этиш таклиф қилинмоқда. Тизим ҳар бир буюм ҳаракатини кузатиш имконини беради.
© BloombergЎзбекистонда қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан тайёрланган заргарлик ҳамда бошқа буюмларни босқичма-босқич мажбурий рақамли маркировкалаш режалаштирилмоқда. Бу Вазирлар Маҳкамаси қарорининг Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилган лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, ташаббуснинг асосий мақсади заргарлик буюмлари айланмаси устидан ҳисоб ва назоратни кучайтириш, ноқонуний савдони чеклаш ҳамда истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан таъминлашдан иборат.
Синов босқичи бошланади
Лойиҳада қайд этилишича, тажриба лойиҳаси Вақтинчалик низом асосида 2027-йил 30-декабрга қадар амалга оширилади. Шундан сўнг тизим бир неча босқичда мажбурий тарзда жорий қилинади.
2028-йил 1-июлгача мажбурий маркировкалаш тартибини белгилайдиган алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
2029-йил 1-январдан заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчилари ва импортчилари учун рақамли маркировкалаш мажбурий бўлиши таклиф этилмоқда. Шу йилнинг 1 апрелидан эса мазкур талаб чакана савдо субъектларига ҳам татбиқ этилади.
«Asl belgisi» орқали кузатилади
Лойиҳада рақамли маркировкалаш оператори сифатида «Asl belgisi» миллий ахборот тизими оператори — «CRPT TURON» МЧЖ белгиланиши кўзда тутилган. Барча маълумотлар ушбу тизимда сақланади ва қайта ишланади.
Тажриба-синов босқичида «Gold Moon Tashkent», «Sofizar», «Merrit Jewellery» ва «Termez Gold Production» иштирок этади. Уларга маркировка кодлари бепул берилади, аммо зарур ускуна ва дастурий таъминотни ўз маблағлари ҳисобидан харид қилади.
Синов даврида маркировкалаш талабларини бузган иштирокчиларга ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланилмаслиги таклиф этилган.
Вақтинчалик низомга кўра, иштирокчилар «Асл белгиси» тизимида рўйхатдан ўтиши, электрон рақамли имзога эга бўлиши ҳамда электрон ҳужжат айланмаси учун зарур инфратузилмани яратиши лозим.
Ҳар бир заргарлик буюми ёки унинг биркасига GS1 DataMatrix форматидаги икки ўлчовли штрих-код жойлаштирилади. Ишлаб чиқарувчилар кодни ишлаб чиқариш жараёнида, импортчилар эса маҳсулот мамлакатга киритилишидан олдин ёки божхона расмийлаштирувига қадар қўллайди.
Маркировкаланган маҳсулотларнинг ҳаракати «Asl belgisi» тизими орқали кузатилади. Истеъмолчилар эса «Asl belgisi» ва «Soliq» мобил иловалари орқали маҳсулотнинг ҳақиқийлигини текшириши, унинг келиб чиқиши ҳақида маълумот олиши ҳамда аниқланган номутаносибликлар юзасидан хабар юбориши мумкин бўлади.
Ҳужжат лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаси 21 июлга қадар давом этади.
Маркировкалаш тизими ҳақида
Ўзбекистонда маҳсулотларни рақамли маркировкалаш ва кузатиб бориш тизими 2019 йилдан босқичма-босқич жорий этилмоқда. Дастлаб тамаки ва алкоголь маҳсулотлари, кейинчалик дори воситалари ҳамда маиший техника ушбу тизимга киритилди. Рақамли маркировкалашнинг ягона оператори сифатида «CRPT Turon» фаолият юритади.
Компания Россиядаги «Честний знак» миллий маркировкалаш тизимини бошқарувчи Перспектив технологияларни ривожлантириш маркази иштирокида ташкил этилган. Ҳозирда унинг акциялари «Digital Holding» ва Давлат активларини бошқариш агентлигига тегишли. «Digital Holding» эса тадбиркор Алишер Усмонов билан боғлиқ компаниялар назоратида ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1-июлдан рақамли маркировка тизимида янги талаблар кучга кириши ҳақида маълумот берган эдик.
Янги тартибга кўра, маркировка қилинган товарларни сотишда электрон ҳисобварақ-фактуралар ва онлайн касса тизимлари орқали қўшимча автоматик назорат механизмлари жорий этилади.





