Logo

Ўзбекистонга электромобиль импорти 2,2 баравар ошди

Bugun 21:152 daqiqa

2026-йилнинг дастлабки етти ойида 46,7 мингдан ортиқ электромобиль олиб кирилиб, импорт қиймати $527,2 млнни ташкил этди. Шу билан бирга, битта электромобилнинг ўртача импорт нархи бир йил ичида $2,7 мингга арзонлаган.

Ўзбекистонга электромобиль импорти 2,2 баравар ошди © Bloomberg

2026-йил январ-июль ойларида Ўзбекистонга жами 46 749 дона электромобиль импорт қилинган. Уларнинг умумий қиймати $527,2 млнни ташкил этди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси томонидан маълумотларда келтирилган.

Таққослаш учун, 2025-йилнинг шу даврида мамлакатга 20 858 дона электромобиль олиб кирилган бўлиб, уларнинг қиймати $292,9 млнни ташкил этган.

Шу тариқа, бир йил ичида электромобиль импорти сон жиҳатидан қарийб 2,2 бараварга ошган. Бунда автомобилларнинг ўртача импорт қиймати ҳам пасайган: 2025-йилда битта электромобиль ўртача $14 мингга тушган бўлса, 2026-йилда бу кўрсаткич $11,3 мингни ташкил этди.

Электромобиль савдоси ҳам ошмоқда

Импортдаги ўсиш ички бозордаги савдоларда ҳам акс этмоқда. 2026-йил июнь ойида бирламчи ва иккиламчи бозорларда 8,4 мингта электромобиль сотилган. Бу май ойидаги кўрсаткичдан қарийб 63,5 фоизга кўп.

Йилнинг биринчи ярмида эса Ўзбекистонда 40 мингдан ортиқ электромобиль сотилган. Бу 2025-йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоиз кўп.

Электромобиллар бозори деярли барча ҳудудларда фаоллашган. Сотувлар фақат Сирдарё вилоятида 2,9 фоизга камайган.

Энг юқори ўсиш Жиззах, Бухоро ва Фарғона вилоятларида қайд этилган. Ушбу ҳудудларда савдо мос равишда 101 фоиз, 64,6 фоиз ва 58,5 фоизга ошган.

Савдоларнинг асосий қисми Тошкентга тўғри келмоқда

Электромобиллар савдосида Тошкент шаҳри етакчилик қилмоқда.

Июнь ойида пойтахтда 5,3 мингта электромобиль сотилган. Бу май ойига нисбатан 78 фоизга кўп бўлиб, Тошкентнинг умумий бозордаги улуши қарийб 63 фоизни ташкил этган.

Электромобилларга талабнинг ошишини қўллаб-қувватлаши мумкин бўлган яна бир омил — уларни харид қилиш учун автокредитлар бўйича фоиз харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш механизми.

Vaqt.uz аввалроқ электромобиль сотиб олиш учун ажратиладиган автокредит фоизининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эди. Таклифга кўра, 300 млн сўмгача бўлган кредитларнинг дастлабки икки йилида фоиз ставкасининг 16 фоиздан ошадиган, бироқ 8 фоиз бандидан юқори бўлмаган қисми давлат томонидан компенсация қилиниши кўзда тутилган.

Teglar

Mavzuga oid