Ўзбекистонликлар 2025-йилда 661 кг олтин қуйма сотиб олди
Олтин нархининг кескин ошиши Ўзбекистонда ҳам сезилди 2025-йилда аҳолининг ўлчовли олтин қуймаларга талаби рекорд даражага чиқди.

Марказий банк 2025-йил якунлари бўйича ўлчовли олтин қуймалар бозори шарҳини эълон қилди. Унда мамлакат аҳолиси йил давомида банклардан сотиб олган ва сотган қуймалари ҳақида маълумот берилган.
2025-йил давомида ўзбекистонликлар банклардан 661 кг олтин қуйма сотиб олган. Бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 8 баробарга ўсди.
Регулятор таъкидлашича, сўнгги икки йилда ўлчовли олтин қуймаларга бўлган талаб сезиларли даражада ошди. 2024-йилда ҳам ушбу қуймаларга талаб аввалги йиллардаги ўртача кўрсаткичга (81 кг) нисбатан қарийб 3 баробар ошиб, 236 кгни ташкил этган.

Биргина 2025-йилда банклар томонидан аҳолига сотилган ўлчовли олтин қуймалар (661 кг) 2020–2024 йилларда сотилган қуймалардан (558 кг) 18,4 фоизга (+103 кг) ортиқ шаклланди.
Бундан ташқари, 2025-йилда банклар томонидан аҳолига сотилган ўлчовли олтин қуймалар сони (33 939 дона) 2020–2024-йилларда сотилган жами қуймалар сонидан (31 211 дона) 8,7 фоизга кўп бўлди.
Мазкур ўсиш асосан 2024–2025-йилларда жаҳон бозорида олтин нархининг тарихий максимум даражаларига яқинлашгани билан изоҳланади.

Олтин нархининг ошиши фонида аҳолининг жамғариш ва инвестиция мақсадларида ўлчовли олтин қуймаларига бўлган талаби ҳам ортиб бормоқда.
Олтин қуймаларининг даромадлилиги қандай?
Сўнгги йилларда жаҳонда олтин нархи сезиларли ошмоқда. Айниқса, 2025-йилда нархлар бир неча марта тарихий рекордларни янгилаб, 70 фоиздан кўпроқ қимматлади.
Натижада Ўзбекистонда ҳам қуймаларнинг даромадлилиги банк депозитлари ва бошқа сармоя воситаларига нисбатан анча юқорироқ шаклланди.

Марказий банк таъкидлашича, сўнгги уч йил давомида геосиёсий ҳамда макроиқтисодий омиллар таъсирида олтин нархининг кескин ўсиши кузатилган бўлса-да, узоқроқ муддатли даврларда унинг нархида сезиларли пасайиш ҳолатлари ҳам қайд этилган.
Банк депозитлари бўйича фоиз ставкалар, олтиндан фарқли равишда, нисбатан барқарор даражада шаклланади. Олтин активларининг даромадлилиги эса кўпроқ жаҳон бозоридаги нарх динамикасига боғлиқ бўлиб, унинг келгусидаги даромадлилиги олдиндан кафолатланмайди.
Масалан, 100 г кўринишидаги олтин қуймалари нархи 2026-йил, 3 март куни 217,3 млн сўмдан сотилган бўлса, 27 март куни бу нарх 179 млн сўмгача пасайди.





