Ўзбекистонликларнинг банк карталари сони 70 миллионга яқинлашди

25.02.2026 | 13:553 daqiqa

Ўзбекистонда сўнгги бир йилда муомаладаги банк карталари сони 6 миллиондан ортиққа ошган бўлса-да, энг йирик улушга эга Халқ банкида карталар сони 1,5 миллионтага қисқарди.

Ўзбекистонликларнинг банк карталари сони 70 миллионга яқинлашди

2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, Ўзбекистондаги банк карталари сони 69 232 341 тани ташкил қилмоқда. Ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда карталар сони 6 172 269 тага, яъни 9,8 фоизга ортган. Бу ҳақда Марказий банк эълон қилган ҳисоботда кўриш мумкин.

2026 йилда банк карталари сони бўйича давлат банклари етакчиликни сақлаб қолмоқда. Бироқ сўнгги бир йил ичида хусусий банклар карталари ҳам аҳоли орасида фаол оммалашиб, умумий муомаладаги банк карталари таркибида сезиларли улушни эгаллай бошлади.

Қуйида 2026 йил 1 феврал ҳолатига кўра, муомаладаги карталар сони бўйича ТОП-10 банк:

photo_2026-02-25_12-48-11

Жадвалга қарайдиган бўлсак, 2026 йилда карталар сони бўйича энг катта ўсиш Узум Банкда қайд этилган. Бир йил ичида банк карталари сони 4,6 миллионтага ошиб, бозордаги энг юқори ўсиш суръати айнан шу банк ҳиссасига тўғри келган.

Шунингдек, бир қатор банкларда ҳам ижобий динамика кузатилди:

Анор банк 2 845 793 → 3 598 665 (+752 872);

Агробанк 5 468 758 → 6 612 898 (+1 144 140);

Ҳамкорбанк 3 045 121 → 3 946 694 (+901 573);

Алоқабанк 1 946 697 → 2 780 838 (+834 141);

Ипотека банк 4 734 335 → 5 391 900 (+657 565);

Ипак Йўли банки 3 083 890 → 3 647 603 (+563 713).

Энг юқори камайиш эса Оcтобанк карталарида кузатилган: 2026 йилдан ўтган йилга нисбатан қарийб 3 миллионтага камайган. Ундан сўнг эса Халқ банкида: 1,5 миллионта карта камайган.

Шу билан бирга қуйидаги банкларда ҳам сезиларли даражада камайиш қайд этилган:

ТБC банк 5 729 634 → 4 349 167 (–1 380 467);

Туронбанк 766 321 → 543 083 (–223 238);

Асака банк 1 569 680 → 1 332 313 (–237 367);

Мадад Инвест банк 17 483 → 10 866 (–6 617).

Умумий ўсиш тенденсияси

Умумий ҳисобда карталар сони бўйича энг яхши ўсишни АПЕХ банк, Узум банк ва АВО банк кўрсатди. АПЕХ банк йил давомида 600 фоиздан ортиққа ўсган. Узум банк 450 фоизлик, АВО банк эса 300 фоизлик ўсиш кўрсатган.

АПЕХ банкда 2025 йил бошида 3 939 дона карта бўлган бўлса, 2026 йилга келиб 28 038 донага етган. Худди шу каби АВО банкдаги карталар сони ҳам 61 851 тадан  249 613 тага кўпайган.

Карталар сонидаги ўзгаришлар

Йил давомидаги карталар сонидаги бу ўзгаришларга Марказий банкнинг 2025 йилда қабул қилинган карталар сонига вақтинчалик чеклови сабаб бўлди.

Унга кўра, ҳар бир фуқаро битта банкда 5 та, барча банкларда умумий (виртуал ва кобейжинг карталари билан бирга) 20 тагача банк картаси очиши мумкин. Бу тартиб 2025- йил охири, 31 декабргача амал қилиши керак эди. Аммо Марказий банк карталар сонига қўйилган чекловни яна бир йилга узайтирган. 

Карталар сонидаги бу чекловлар айрим ўзбекистонликлар орасида узоқ вақт фойдаланилмаган ёки фаол ишлатилмаётган банк карталарини ёпиш заруратини келтириб чиқарди.

Маълумот учун: 2026 йил феврал ҳолатида кўра, мамлакат бўйича 42 мингтадан ортиқ банкомат ва инфокиосклар мавжуд. Тўлов терминаллари эса 433 мингтани ташкил қилмоқда. 2025 йилнинг айнан шу даврида эса 31 мингта банкомат ва инфокиоск,  426 мингта тўлов терминаллари мавжуд бўлган.

Ўзбекистон бўйлаб энг кўп банкомат ва инфокиосклар сони бўйича тўлов ташкилотлари устунликни сақламоқда – 24 331 та, банклар орасида биринчилик, ўз навбатида, энг кўп банк карталарига эга Халқ банкига тегишли – 3 132 та.  Тўлов терминалларининг энг йирик улуши эса Ҳамкорбанда –  58,5 мингта.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ my.gov.uz'да банк карталари ва мобил рақамларни назорат қилиш имконияти жорий этилиши ҳақида хабар берган эдик. Бу имконият жорий этилганидан сўнг, фуқаролар платформада ўз номига нечта банк картаси ва нечта сим-карта борлигини кўриши, зарур ҳолларда ушбу карталар ёки рақамларни портал орқали ёпиш учун ариза юбориши мумкин бўлади.:

Teglar

Ruxsora Jovliyeva

Ruxsora JovliyevaMaqolalar soni: 733

Barchasi

Mavzuga oid