Ўзбекистоннинг БААдаги янги элчиси тайинланди. У экспортни икки карра оширмоқчи

Янги элчи Умид Шодиев БААни нафақат бозор, балки Африка ва Жанубий Осиёга чиқиш учун ре-экспорт марказига айлантиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистоннинг БААдаги янги элчиси тайинланди. У экспортни икки карра оширмоқчи © Олий Мажлис Сенати

Бугун, 8-апрел куни Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига асосан Умид Рустамович Шодиевни Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Араб Амирликларидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимига тайинлаш масаласи кўриб чиқилиб, у ушбу лавозимга тасдиқланди.

Сенат мажлисида сўзга чиққан Шодиев элчи сифатида нималари қилишни режалаштиргани ҳақида гапирар экан, мақсадли инвесторлар моделига ўтишни таклиф қилишини айтди.

«Энг йирик компанияларни аниқлаб олиб, асосий урғуни уларга қаратиб, улар билан аниқ натижага эришишни кўзлаган бўлардик. Биринчиси, бу «DP World», логистика томонидан биз билан ишлаб берадиган компания. «Masdar» билан яхши энергетика бўйича яна фаол инвесторларни киритиш борасида ишлардик. Ва «Mubadala Investment Company», бу суверен фонд ва унинг имкониятлари жуда ҳам чексиз ва бу борада ҳам ишни аниқ бир KPI асосида амалга оширган бўлардик», – деди Шодиев.

Ислом молияси

Умид Шодиев инвестицияни жалб қилишдаги асосий масаладан бири бу ислом молиясини жорий қилиш муаммо бўлиб келганини қайд этди. У 27-март куни имзоланган ва 3 ойдан сўнг кучга кирадиган янги қонун катта имкониятларни яратиб беришини таъкидлади.

«Қонунчиликка Исломий банк фаолияти, Исломий молия принциплари, Исломий молия стандартлари ҳамда инвестициявий омонат депозит тушунчалари киритилди. Бундан биз унумли фойдаланишимиз керак ва Абу Дабида ҳар бир инвесторга бизда янги яратилган шароит бўйича тақдимотларни ўтказишимиз керак ва, албатта, бу борада ишларни жадаллаштирилган ҳолда амалга оширамиз.

Бу Араб Амирликлари инвесторлари учун жозибадор хабар бўлади ва бунинг тарғиботини, албатта, амалга оширамиз. Умуман олганда, 2026-йилда қиймати 20 миллиард долларга яқин бўлган 66 та лойиҳа доирасида 1.6 миллиард долларлик инвестиция ўзлаштирилишига қўлдан келганча ҳаракат қиламиз ва буни таъминлаймиз», – деди элчи.

Экспортни 2 карра ошириш ва ре-экспорт хаби

Умид Шодиевнинг айтишича, асосий мақсад йил якунига қадар экспорт ҳажмини икки баробарга ошириш ва 100 дан ортиқ корхоналарнинг Бирлашган Араб Амирликлари бозорига олиб кириш ва электрон платформаларда ўз маҳсулотларини сотишни йўлга қўйиш. Яъни, бу биринчи ўринда мева-сабзавотлар, органик маҳсулотлар ва тайёр текстил маҳсулотлари.

«Биз доим Бирлашган Араб Амирликларини якуний бозор сифатида қараймиз, лекин шу билан бирга биз Араб Амирликларини ре-экспорт хаби сифатида ҳам кўриб чиқишимиз керак. Чунки Дубай орқали Африка ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш имкониятимиз мавжуд», – деди у.

Туризм ва бошқа йўналишлар

Охирги икки ярим йил давомида туризм соҳасида фаолият юритган Шодиев бу борада маълум тажрибага эга бўлганини эслатиб, бу тажрибани, албатта, Араб Амирликларида ҳам тадбиқ қилишини қайд этди.

«Биринчи ўринда Араб Амирликларидан туризмга қараётганимизда премиум класс ва люкс туризмни биз тарғибот қилишимиз керак», – деди элчи.

Умид Шодиев Бирлашган Араб Амирликларининг президентининг Ўзбекистонга илк ташрифларини амалга ошириш, жорий йил охиригача ўтиши керак бўлган Кўрфаз мамлакатлари ва Марказий Осиё давлатларининг учрашувига тайёргарлик кўриш, вазирликлар билан муҳокамалар давомида аниқланган 13 та салоҳиятли ҳужжатни шу йилнинг ўзида ҳукуматлараро ва идоралараро иккитомонлама ҳужжатларга айлантиришга ҳаракат қилишини айтди.

«Яна бир муҳим масала – ватандошларимизнинг манфаатини ҳимоя қилиш. Бирлашган Араб Амирликларида бу масалада ҳам биз аниқ режаларни қилиб олганмиз. Элчихона ходимлари билан бирга биринчи ўринда консуллик маслаҳатлашувларини амалга оширамиз ва улар орқали Араб томонига фуқароларимизнинг манфаатини ҳимоя қилиш учун нима ишлар амалга ошириш кераклиги бўйича позициямизни етказамиз», – деди Умид Шодиев.

Умид Шодиев ким?

Умид Рустамович Шодиев 2018-йил августидан 2023-йил июлигача Ўзбекистоннинг UNESCO ҳузуридаги доимий вакили лавозимида ишлаган. У 2023-йил июлдан 2025-йил декабрига қадар Туризм қўмитасига раҳбарлик қилиб келган.

Teglar

Mavzuga oid