«Ўзбекнефтгаз» раҳбарига икки янги ўринбосар тайинланди
«Ўзбекнефтгаз» бошқарувида кадрлар ўзгарди: молия ва трансформация йўналишига Суҳроб Ҳамраев, қайта ишлаш соҳасига Аброржон Худойберганов тайинланди.

«Ўзбекнефтгаз» АЖда бошқарув таркибида янги тайинловлар амалга оширилди. Компания бошқарув раиси ўринбосарлигига икки мутахассис тайинланиб, стратегик йўналишлар қайта тақсимланди. Янги қарорлар молиявий трансформация ва қайта ишлаш сегментини кучайтиришга қаратилгани айтилмоқда.
Суҳроб Ҳамраев «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси биринчи ўринбосари — молия, трансформация ва хусусийлаштириш масалалари бўйича лавозимга тайинланди. У инвестиция ва инфратузилмавий лойиҳалар экспертизаси, техник-иқтисодий асосланмаларни баҳолаш ҳамда йирик ишлаб чиқариш ташаббусларини амалга ошириш соҳасида кўп йиллик тажрибага эга. Турли йилларда вазирлик ва республика даражасидаги давлат идоралари, эксперт агентликлари ҳамда нефт-газ ва энергетика тармоқларида масъул лавозимларда фаолият юритган.
Компания маълумотларига кўра, янги лавозим доирасида молиявий самарадорликни ошириш, активларни оптималлаштириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш устувор вазифа сифатида белгиланган. Бу эса компаниянинг бозор ислоҳотлари ва институционал ўзгаришлар босқичида муҳим аҳамият касб этади.
Аброржон Худойберганов эса «Ўзбекнефтгаз» бошқарув раиси ўринбосари — қайта ишлаш йўналиши бўйича лавозимга тайинланди. У нефт ва газни қайта ишлаш қурилмалари, инновацион лойиҳалар ҳамда замонавий технологияларни ишлаб чиқариш жараёнларига жорий этиш соҳасида тажрибали мутахассис ҳисобланади. Меҳнат фаолиятини қурилма кузатувчиси сифатида бошлаб, босқичма-босқич раҳбарлик лавозимларигача кўтарилган.
Кузатувчилар фикрича, бу тайинловлар компанияда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, қайта ишлаш қувватларини модернизация қилиш ва корпоратив бошқарувни такомиллаштиришга хизмат қилади.





