Logo

«Ўзбектелеком» фойдаси сезиларли пасайди

Bugun 16:352 daqiqa

Компаниянинг халқаро аудитдан ўтган ҳисоботида фойда 24 фоизга камайгани қайд этилган. Миллий стандартларга асосланган фойда 14 баробарга ўсгани маълум қилинганди.

«Ўзбектелеком» фойдаси сезиларли пасайди © Uztelecom

«Ўзбектелеком» 2025-йил учун халқаро стандартларга асосан аудитдан ўтган молиявий ҳисоботини тақдим қилди. Компания фойдаси 23,9 фоизга камайиб, 609,8 млрд сўмни ташкил қилди.

Йил давомида даромад рекорд даражада 1,73 трлн сўмга ошиб, 10,6 трлн сўмга етган. Ўсиш суръати 2024-йилга нисбатадан деярли 20 фоиз бўлди.

Бироқ тушумдаги юқори ўсишга қарамай, компания харажатларининг кескин ортиши ва молиявий йўқотишлар фойданинг камайишига олиб келди. Хусусан, сотув харажатлари 48,4 фоизга ошиб, 1,04 трлн сўмга, маъмурий харажатлар эса 20,4 фоизга кўпайиб, 1,07 трлн сўмга етган.

Компания кредит йўқотишлари бўйича ажратган захиралар ҳажми ҳам кескин ошган. Агар 2024-йилда бу кўрсаткич 117 млрд сўм бўлган бўлса, 2025-йилда 463,6 млрд сўмга етиб, қарийб тўрт баробар кўпайган.

Шунингдек, «Ўзбектелеком» валюта курслари ўзгаришидан ҳам зарар кўрган. Компания 2024-йилда 113,8 млрд сўмлик валюта фойдаси қайд этган бўлса, 2025-йилда 85,6 млрд сўм миқдорида зарар кўрган.

Фоиз харажатлари ҳам юқори даражада қолмоқда. Ҳисоботга кўра, молиявий харажатлар бир йил ичида 23,4 фоизга ошиб, 749,1 млрд сўмни ташкил этган.

Натижада компаниянинг солиқдан олдинги фойдаси 26,7 фоизга камайиб, 771,5 млрд сўмга тушган. Соф фойда маржаси эса бир йил аввалги 9 фоиздан 5,7 фоизгача пасайган.

Шу билан бирга, компаниянинг асосий фаолияти самарадорлиги яхшиланган. Ялпи фойда 35,2 фоизга ошиб, 4,2 трлн сўмга етган. Бу эса тушум ўсиши ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш харажатларидан тезроқ бўлганини кўрсатади.

Миллий стандартларга асосан фойда кескин ўсганди

Қизиғи шундаки, «Ўзбектелеком»нинг миллий бухгалтерия ҳисоби стандартлари асосида тузилган ҳисоботида фойда кескин ўсган эди. Компания 2025-йили 590,9 млрд сўм соф фойда олганини ва бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 14,2 баробарга ошганини маълум қилган.

Бироқ халқаро молиявий ҳисобот стандартлари (МҲХС) асосида аудитдан ўтган ҳисобот бошқа натижани кўрсатмоқда. Унга кўра, компаниянинг соф фойдаси 2024-йилдаги 801,3 млрд сўмдан 2025-йили 609,8 млрд сўмга тушиб, 23,9 фоизга камайган.

Бундай тафовут одатда миллий ва халқаро стандартларда даромад ҳамда харажатларни тан олиш қоидалари, активлар қийматини баҳолаш, амортизация ва захираларни шакллантиришдаги фарқлар билан изоҳланади.

Маълумот учун, 2025-йил якуни бўйича «Ўзбектелеком» энг кўп солиқ тўловчи хизмат кўрсатиш корхоналари орасида иккинчи ўринда туради. Йил давомида тўланган солиқлар 1,36 трлн сўмдан ошган.

Teglar

Mavzuga oid