Ўзгидромет Тошкентда ёмғирдан кейин ҳаво нега тозаланмаганига изоҳ берди
Юқори намлик ва шамолнинг сустлиги атмосферадаги майда ифлослантирувчи заррачаларнинг тарқалишини чеклаб, уларнинг ерга яқин қатламда тўпланишига сабаб бўлган.
© Javhar ChorshanbiyevaТошкент шаҳри ва вилоятида ёмғир ёғганига қарамай атмосфера ҳавосидаги майда заррачалар — PM2,5 ва PM10 концентрацияси сезиларли даражада камаймади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» расмий изоҳ берди. Қайд этилишича, туман даврида ва ёмғирдан сўнг PM2,5 кўрсаткичининг ошиши кенг тарқалган ҳолат ҳисобланади.
Мутахассислар таъкидлашича, ёмғир визуал жиҳатдан ҳавони тозаловчи омил сифатида қабул қилинса-да, атмосферадаги физик ва кимёвий жараёнлар анча мураккаб. Туман шунчаки намлик эмас, балки майда сув томчилари мажмуаси бўлиб, уларда чанг ва қуруқ заррачалар тўпланади ҳамда иккиламчи аэрозоллар шаклланади.
Туман шароитида одатда шамол суст бўлади, ҳаво айланиши чекланади ва ҳарорат инверсияси кузатилади. Бу омиллар ифлослантирувчи моддаларнинг ерга яқин қатламда ушланиб қолишига сабаб бўлади. Натижада PM2,5 концентрацияси ошади ва ҳаво сифати яхшиланмайди.
Кучли ёғингарчилик пайтида йирик томчилар ифлослантирувчи моддаларни самарали равишда ювиб тушириши мумкин. Шу боис кўрсаткичлар вақтинча пасаяди. Бироқ ёмғирдан кейин майда дисперс заррачалар миқдорининг яна ошиши эҳтимоли сақланиб қолади.
Бу ҳолат юқори намлик шароитида заррачаларнинг гигроскопик хусусиятга эга бўлиб, ўлчами катталашиши ва ўлчов асбоблари томонидан фаолроқ қайд этилиши билан изоҳланади. Шунингдек, ёғингарчиликдан кейин намликнинг буғланиши иккиламчи аэрозоллар ҳосил бўлишини кучайтириши мумкин. Шамолсиз шароитда эса ифлослантирувчи моддалар ерга яқин қатламда тўпланишда давом этади.
«Ўзгидромет» вазият доимий мониторинг қилинаётганини, маълумотлар аниқлаштирилгандан сўнг қўшимча ахборот тақдим этилишини билдирди.





