Пиёда ҳажга бориш жоизми? Ўзбекистон муфтийси расмий изоҳ берди
Унинг таъкидлашича, ҳаж — Ислом динининг беш рукнидан бири бўлиб, фақат қодир бўлган мусулмонлар учун фарз саналади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар пиёда ҳажга бориш борасида Ислом динида нима дейилгани ҳақида гапирди. Унга кўра. Ислом беш устун устига қурилган: иймон, намоз, рўза, закот, ҳаж.
[telegram https://t.me/lazizhamidov/2254]
«Энди, ҳамма ибодатлар учун шариат томонидан маълум талаблар, шартлар қўйилади. Ҳаммага ҳам ҳаж қилишлик фарз бўлмаган. Чунки бу нарсани ҳозир тушунтиришимизнинг сабаби, жуда кўпчиликнинг наздида ҳамма ҳаж қилиши керак, ҳар бир одам борки, ҳажга бориши керак деган тасаввур бўлиб қолди. Йўқ, азизлар. Қуръони Каримда ҳам Аллоҳ таоло «Ман истатўа илайҳи сабила» деган. Яъни, ҳаж қилишлик фарз бўлади, кимнинг қудрати етса. Аслида «истатўа» сўзи кенг маъно. У нафақатгина қодир, масалан, иқтисодий қодир бўлса, жисмоний қодир бўлса, йўли очиқ бўлса, навбати келса, ҳамма шароитлари бўлиб турган одамга фарз. Лекин, айтайлик, соғлиги яхши эмас, маблағи йўқ, навбати келмаяпти – бу одамга ҳаж фарз эмас. Агар бу одам ҳаж амалини бажармаса, гуноҳкор бўлмайди», - дейди муфтий.
Унинг сўзларига кўра, ҳаж амалининг моҳияти — Аллоҳнинг амрини адо этиб, гуноҳдан покланишдир. Бироқ Аллоҳ ҳар бир бандасидан фақат ўз қудрати доирасидаги амалларни талаб қилади. Шунинг учун фақат шароити тўлиқ етарли бўлган инсон ҳажни а этиши лозим.
«Энди савол берувчининг саволига келсак, ўзи айтайлик, ўша транспортда боришликка имконияти йўқ, маблағи йўқ бўлса ҳам, ҳозир шунақа бўлиб қоляптики, "мен яёв кетаман ёки бўлмаса велосипедда кетаман, ёки бошқа уловларда кетаман", деган гаплар бўляпти. Бизнинг Ҳанафий мазҳабимиз уламолари, хусусан, Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи яёв, пиёда ҳажга боришликни макруҳ, деганлар. Нима учун бундай деса, одам пиёда юрганда толиқади, чарчайди ва асаби бузилади, натижада ибодатдан малолланади. Ҳатто Пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассалом ўзлари ўша сафарга, умрага чиққанларида бир одамнинг пиёда чарчаб кетаётганини кўриб: "Бу нима ҳолат?" – деганда, "Бу одам мана шундай пиёда кетишликни назр қилган экан", деганларида, "Назрдан қайтсин", деганлар. Бунақа қилиб Аллоҳ таолонинг ҳузурига борилмайди, маркабга минсин, яъни уловга минсин, деб танбеҳ берган маънодаги ҳадислари бор. Шунинг учун уламолар айтадики, одам ўзини машаққатга қўймаслиги керак», - дейди Ўзбекистон бош муфтийси.
Шайх Нуриддин Холиқназар ислом дини машаққат устига қурилмаганини қўшимча қилди.
«Динимиз, азизлар, машаққат устига қурилмаган. Динда машаққат йўқ, ҳеч бир машаққат йўқ. Агар қодир бўлмаса, бормасин. Лекин ҳозир пиёда борса, айтайлик, ёки велосипедда борса, тўғриси, йўлларда тиламчилик қиляпти, йўлларда одамлардан пул сўраяпти. Бу нарсалар асло дуруст бўлмайди. Шунинг учун ҳозир имкониятлар, алҳамдулиллаҳ, очилди. Мана ҳажга бўлсин, умрага бўлсин, бемалол хоҳласа, айтайлик, давлат томонидан, Диний идора томонидан, хоҳласа рухсат этилган, лицензияси бор бўлган сайёҳлик фирмаларидан бемалол умрага борса бўлади. Шунинг учун биз мана бундай ўзини қийнаб, машаққат-мушкул билан чиқмоқчи бўлганларни бу йўлда бормасликларини тавсия қилиб қоламиз”, - деди муфтий.





