Покистон Афғонистондаги «Баграм» авиабазасига ҳаво зарбаси берди

Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, базанинг шимолий қисмида камида битта самолёт ангари ва иккита йирик омборхона вайрон қилинган.

Покистон Афғонистондаги «Баграм» авиабазасига ҳаво зарбаси берди

Покистон кучлари Афғонистондаги «Баграм» авиабазасига ҳаводан зарба берди. Бу ҳақда «The New York Times» нашри сунъий йўлдош тасвирлари ва расмий манбаларга таяниб хабар қилди. Зарба натижасида базанинг айрим инфратузилмалари вайрон бўлгани айтилмоқда.

Маълум қилинишича, ҳужум базадаги ҳарбий техника ва омборхоналарни нишонга олган. Исломобод бу орқали Афғонистон ҳудудида фаолият юритаётган «Таҳрики Толибон Покистон» жангариларига кўрсатилаётган ёрдамни чеклашни кўзлаган. Покистон мазкур тузилмани ўз хавфсизлигига таҳдид деб баҳолайди.

Сунъий йўлдош тасвирларига кўра, базанинг шимолий қисмида камида битта самолёт ангари ва иккита йирик омборхона вайрон қилинган. Ҳужум якшанба куни соат 06:00 атрофида содир бўлган. Маҳаллий аҳоли икки марта кучли портлаш овози ва қирувчи самолётлар товушини эшитганини билдирган.

«Баграм» базаси

АҚШ 2021 йилда Афғонистондан қўшинларини олиб чиққанидан сўнг Баграм базаси «Толибон» назоратига ўтган эди. АҚШ президенти Доналд Трамп базани қайта қўлга киритиш тарафдори эканини бир неча бор айтган. Афғонистон расмийлари эса объект бошқарувини топширмаслигини таъкидлаган.

«Баграм» Кобулдан тахминан 40 километр шимолда жойлашган бўлиб, 20 йил давомида АҚШнинг мамлакатдаги энг йирик ҳарбий базаси вазифасини ўтаган. Ҳар йили август ойида бу ерда «Толибон» томонидан ҳарбий парад ва қурол-аслаҳа намойиши ўтказиб келинади.

Сўнгги бир ҳафта ичида Покистон Афғонистон ҳудудига 50 дан ортиқ авиаҳужум амалга оширгани қайд этилмоқда. Афғонистон ҳукумати айрим ҳужумлар оқибатида тинч аҳоли орасида қурбонлар борлигини билдирган.

Teglar

Mavzuga oid