Logo

Президент Шаҳноза Мирзиёевага муҳим вазифа юклади

Kecha 21:502 daqiqa

Давлат раҳбари Ижтимоий реестрни юритишдаги жиддий камчиликлар, хусусан, эҳтиёжманд оилаларнинг аризаларини асоссиз рад этиш ҳолатларини танқид қилди.

Президент Шаҳноза Мирзиёевага муҳим вазифа юклади © Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маҳаллаларда ижтимоий ёрдамларни манзилли етказиш ва Ижтимоий реестрни юритишдаги жиддий камчиликлар танқид қилинди.

Қайд этилишича, айрим ҳудудларда фуқароларни Ижтимоий реестрга киритиш асоссиз рад этилаётгани ёки улар сунъий равишда реестрдан чиқарилаётгани кузатилмоқда.

Бу ҳолат эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий нафақалар, болаларини давлат боғчасига жойлаштириш, тўгараклардан фойдаланиш каби кафолатланган хизматлардан маҳрум бўлишига олиб келмоқда. Таҳлилларга кўра, 184 та маҳаллада бир ой ичида келиб тушган 2 мингта аризанинг барчаси асоссиз равишда рад этилган.

Назорат кучайтирилади

Маълум қилинишича, Ижтимоий реестрга киритиш билан боғлиқ масалалар юзасидан Президент номига келиб тушган мурожаатлар йил бошидан 1,5 баробарга ошиб, 30 мингдан 46 мингтага етган.

Шу муносабат билан Бош прокуратурага Ижтимоий реестрнинг қонуний ва тўғри юритилиши устидан қатъий назорат ўрнатиш топширилган.

Шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёевага реестрнинг ҳаққонийлиги юзасидан Президентга мунтазам ахборот бериб бориш вазифаси юклатилган.

25 турдаги хизмат маҳалла даражасига туширилади

Йиғилишда йил якунига қадар ногиронликни эрта аниқлаш, уй-жойларни мослаштириш, ижтимоий уйларга жойлаштириш каби 25 турдаги ижтимоий хизматларни маҳалла даражасига тушириш вазифаси белгиланган.

Уч ой ичида деменция ва ақлий заифлиги бўлган шахслар учун 250 та маҳаллада кундузги ва уйда парвариш хизматлари, «Мадад» уйлари ташкил этилади.

Шунингдек, 75 та маҳаллада ёлғиз ва парваришга муҳтож кексалар учун «Фаол ҳаёт» дастури йўлга қўйилади. Қаровсиз қолган ҳамда зўравонликдан жабр кўрган болалар учун эса «Қўллаб-қувватлаш марказ»лари ташкил этилиши режалаштирилган.

Teglar

Mavzuga oid