Президент ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 млн доллар ажратилишини эълон қилди
«Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилади ва ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш бошланади.

Ўзбекистонда ўзини ўзи банд қилган ёшлар учун кредит миқдори 100 миллиондан 300 миллион сўмгача оширилади. Ёш тадбиркорлар лойиҳалари учун 10 миллиард сўмгача кредит ажратиш (ҳозир 5 миллиард сўмгача) мумкин бўлади. Инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритишга рухсат берилади. Бу ҳақда бугун, 24 феврал куни Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшлар билан уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча имкониятларга бағишланган мулоқоти давомида маълум қилинди.
Ҳар йили 600 минг ёшлар меҳнат бозорига кириб келмоқда, 2030 йилга бориб, улар 1 миллионга етади. Ёшларга ўзига мос иш топиши учун шароит яратиш – энг муҳим масала экани қайд этилди. Ёшлар ўртасида сўровнома ўтказилиб, уларнинг учдан бири тадбиркор бўлиш истагини билдирган. Ўтган йили ёшлар бандлигини таъминлаш учун банклар ва Ёшлар ишлари агентлигига 400 миллион доллар берилган эди. Хусусан, “Ёшлар бизнеси”, “Келажакка қадам” дастурлари ҳисобидан 15 минг нафар ёшлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйди, 50 минг одамни иш билан таъминлади. Президент ёшлар тадбиркорлиги учун қўшимча 200 миллион доллар ажратилишини эълон қилди.
Сервис ва умумий овқатланиш соҳасида 1 мингдан зиёд иш ўрни яратган маҳаллий брендлардан франшиза олиб, филиал очишга қизиқаётган ёшлар учун қулай молиялаштириш пакетлари жорий қилинади.
«Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилади
Жорий йилдан «Келажак тадбиркори» дастури ишга туширилади ва ёш тадбиркорларга 7 йил муддатгача 15 фоизли кредит ажратиш бошланади. Хусусан, ўзини ўзи банд қилган ёшларга гаровсиз 20 миллион сўмгача, тадбиркорлик кўникмасига эга бўлиб, ўз бизнесини бошлаётганларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган ёш тадбиркорларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 та битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит берилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан биргаликда «Менинг биринчи касбим» дастурини бошлаш топширилди. Бунда стажировка дастури асосида олийгоҳ битирувчилари ўртасида танлов ўтказиб, уларга ойига 2 миллион сўмгача стипендия тўлаш йўлга қўйилади.
«Ёшлар бизнес инкубатори» ишга туширилади
Тадбиркорликни энди бошлаётган ёшларнинг 30 фоизи бизнес кўникмаси етишмагани учун қийинчиликка учраётгани қайд этилди. Шу боис, ҳар бир ҳудудда тадбиркорликка ўқитиш, ғояни бизнесга айлантириш, бухгалтерия, банк, маркетинг, ички ва ташқи бозорларга чиқиш билан боғлиқ комплекс хизматларни кўрсатадиган «Ёшлар бизнес инкубатори» ишга туширилади. Мутасаддиларга ёшлар учун қулай жойларни белгилаб, бу йил Қорақалпоғистон, Жиззах, Наманган, Сурхондарё, Хоразм ва Тошкент шаҳрида, келгуси йилда қолган ҳудудларда бундай марказларни ташкил қилиш топширилди.
«Янги авлод тадбиркорлари» дастури бошланади
Гарвард, Стенфорд, Лондон иқтисодиёт мактаби каби нуфузли олийгоҳлар илғор тажрибалар асосида ёшларни тадбиркорликка ўқитишда ҳамкорлик қилишга тайёр. Ёшлар ишлари агентлигига ушбу хорижий олийгоҳлар билан камида 40 минг ёшларни бизнесга ўргатадиган «Янги авлод тадбиркорлари» дастурини бошлаш топширилди. Дастурни муваффақиятли тугатган энг яхши 1 минг нафар ёшнинг лойиҳасига уч йил муддатга 200 миллион сўмгача 7 фоизли ссуда берилади.
Ҳар йили «Ёш тадбиркорлар» танлови ўтказилиб, энг яхши 100 та лойиҳани брендга айлантириш учун «Ёшлар венчурс» жамғармасидан 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Банклар биттадан консалтинг компания ташкил қилиб, жорий йилда 50 минг ёш тадбиркорга бизнес режа тайёрлашига кўмаклашиб, уларнинг харажатини қоплаб беради. Йирик савдо тармоқлари вакиллари ва малакали мутахассислар жалб қилиниб, камида 20 минг ёш тадбиркорликка ўқитилади.
Шу билан бирга, 1-мартдан янги иш бошлаётган ёш тадбиркорларга инфратузилмага уланиш билан боғлиқ давлат хизматларининг харажатлари Ёшлар тадбиркорлиги жамғармасидан қоплаб берилади.





