Logo

Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий келишувларни қайта кўриб чиқмоқчи

Bugun 14:153 daqiqa

Сўнгги йилларда Москва ҳар икки мамлакатга қирувчи самолётлар, вертолётлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, зирҳли техника ва бошқа турдаги қурол-яроғлар етказиб берган.

Путин Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий келишувларни қайта кўриб чиқмоқчи © TASS

Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон билан амалдаги ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги келишувларга ўзгартириш киритиш бўйича музокараларни бошлашни топширди. Тегишли фармойишлар Россиянинг расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Ҳужжатларга кўра, давлат раҳбари Россия ҳукуматининг икки мамлакат билан амалдаги шартномаларга ўзгартириш киритувчи протоколларни имзолаш бўйича музокараларни бошлаш ҳақидаги таклифини маъқуллаган. Ҳозирча музокаралар қачон бошланиши ва амалдаги келишувларга айнан қандай ўзгартиришлар киритилиши ҳақида Россия томонидан маълумот берилмаган.

Россия ва Қозоғистон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битим 2013-йил 24-декабрда имзоланган бўлиб, 2015-йилда ратификация қилингач кучга кирган. Ўзбекистон билан шунга ўхшаш ҳужжат эса 2016-йил 29-ноябрда имзоланган. Мазкур келишувлар ҳарбий соҳадаги ҳамкорликнинг асосий тамойилларини белгилайди. Улар қурол-яроғ ва ҳарбий техникаларни етказиб бериш, ҳарбий мақсаддаги маҳсулотларни топшириш, қуролларни таъмирлаш ва модернизация қилиш, технологиялар ҳамда техник ҳужжатлар алмашинуви, қўшма илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, қўшма ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек ҳарбий мутахассислар тайёрлаш ва тажриба алмашишни назарда тутади.

Қозоғистон қандай қурол-яроғ олган?

Сўнгги йилларда Қозоғистон Марказий Осиёда Россия ҳарбий техникасининг энг йирик харидорларидан бири бўлиб қолмоқда. Хусусан, мамлакат Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибига 20 та Су-30СМ кўп мақсадли қирувчи самолёти қабул қилинган. Бу самолётлар ҳавода устунликни таъминлаш, ердаги ва денгиздаги нишонларга зарба бериш, шунингдек разведка вазифаларини бажаришга мўлжалланган.

Бундан ташқари, Қозоғистон Ми-171Ш ҳарбий-транспорт вертолётлари, Ми-35М зарба берувчи вертолётлари, «Бук-М2Э» зенит-ракета мажмуалари, БТР-80 ва БТР-82А бронетранспортёрларини ҳам харид қилган. Алоҳида эътибор ҳаво ҳужумидан мудофаанинг ягона тизимини ривожлантириш дастурига қаратилган. 2015-йилда Россия Қозоғистонга бепул равишда С-300ПС зенит-ракета тизимининг бешта дивизионини топширган. Бу мамлакатнинг ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш имкониятларини сезиларли даражада оширган.

Ўзбекистон армияси нималарни олган?

Москва ва Тошкент ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳам 2016-йилги келишув имзолангандан кейин сезиларли даражада фаоллашган. 2017–2019-йилларда Ўзбекистон Россиядан 12 та Ми-35М зарба берувчи вертолётини қабул қилди. Ушбу етказиб бериш Россия давлат экспорт кредити ҳисобидан амалга оширилган.

Бундан ташқари, Россия иштирокида Ўзбекистон Ҳарбий-ҳаво кучлари таркибидаги қарийб 30 та МиГ-29 қирувчи самолёти модернизация қилинган. Шунингдек, томонлар Су-30СМ кўп мақсадли қирувчи самолётлари, ҳаво маконини назорат қилишга мўлжалланган «Сопка-2» радиолокация мажмуаси ҳамда «Печора-2М» зенит-ракета мажмуаларини модернизация қилиш учун ускуналар етказиб бериш каби янги лойиҳаларни ҳам муҳокама қилган.

Ҳамкорликнинг турли моделлари

Россиянинг икки мамлакат билан ҳарбий-техник ҳамкорлиги турли моделлар асосида амалга оширилади.
Қозоғистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) аъзоси ҳисобланади. Шу боис икки томонлама ҳамкорлик жамоавий мудофаа механизмлари, қўшма ҳарбий режалаштириш, ҳарбий машғулотлар ва ягона ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини ривожлантириш билан тўлдирилади.
Ўзбекистон КХШТ аъзоси эмас. Бироқ Москва ва Тошкент ўртасида Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинларини қўшма қўллаш бўйича алоҳида келишув амал қилади.

Ҳарбий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари сўнгги юқори даражадаги учрашувларда ҳам муҳокама қилинган. Хусусан, бу мавзу Владимир Путиннинг 2026 йил май ойида Қозоғистонга амалга оширган давлат ташрифи, шунингдек 2024 йил май ойида Ўзбекистонга қилган ташрифи чоғида ҳам кўтарилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин уруш бошланганидан бери армия сонини олтинчи марта оширганди. 2026-йил 1-августдан Россия армиясидаги ҳарбий хизматчилар сони 1 миллион 535 минг нафарга етказилади.

Teglar

Mavzuga oid