Қамчибек Ташиевнинг укаси коррупция иши бўйича қўлга олинди
Собиқ депутат Шоирбек Ташиев «Қирғизнефтгаз»даги талон-торож иши бўйича коррупсияда гумон қилинмоқда.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раиси Қамчибек Ташиевнинг укаси Шоирбек Ташиев 1 апрел куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги расман маълум қилди.
Тергов материаллари
Тергов маълумотларига кўра, у «Қирғизнефтгаз» очиқ акциядорлик жамиятидаги йирик миқдордаги талон-торож ва коррупция ҳолатлари бўйича гумон қилинмоқда. Ушбу иш Давлат солиқ қўмитаси материаллари ҳамда аудиторлик текширувлари асосида қўзғатилган.
Расмий баёнотда айтилишича, жиноят иши доирасида олиб борилаётган суриштирув жараёнида Шоирбек Ташиевнинг фаолиятида қонунбузарлик аломатлари аниқланган. Шу асосда у тезкор тартибда қўлга олинган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Депутутлик ваколати бекор қилиниши
Қайд этилишича, у илгари Қирғизистон Жўқорғи Кенеши депутати сифатида фаолият юритган. Бироқ унга нисбатан шубҳалар пайдо бўлганидан сўнг депутатлик ваколатлари бекор қилинган ва тегишли гувоҳномаси ҳақиқий эмас деб топилган.
Ҳозирда қўлга олинган шахс Бишкек шаҳридаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Тергов органлари мазкур иш бўйича бошқа иштирокчилар ва эҳтимолий қонунбузилиш ҳолатларини ҳам ўрганмоқда.
МХДҚдаги «тозалаш» ва янги тайинловлар
Қамчибек Ташиев 10 феврал куни вазифасидан озод этилди. Шунингдек, унинг уч нафар ўринбосари — Курванбек Авазов, Даниэл Рисалиев ва Элизар Сманов ҳам ишдан олинди. Махсус хизмат раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Жумгалбек Шабданбеков тайинланди.
Президент Садир Жапаров воқеалар фонида берган интервюсида Ташиев тайинлаган вазирлар ва унинг яқинларини ишдан бўшатиш бошлагани, баъзилари эса ўз хоҳишига кўра кетаётгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди.
«Ҳаммага хотиржам ишлашни айтдим. Ўз хоҳиши билан кетаётганлар — марҳамат. Барча вазирликларни ўғрилик факти бўйича текширяпмиз, топилса, жазога тортилади. Мен ҳар доим вазирларни қариндошлар ва дўстларни ишга олманг, деб огоҳлантирганман. Яқинларимдан ҳеч бири юқори давлат лавозимини эгалламаган», – деди у.
Жапаров давлат бошқаруви куч билан эмас, ақл билан амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади. Унинг фикрича, мамлакатда давлат тузилмалари фаолияти шахсан назорат қилинади ва юзага келаётган муаммоларга тезкор чора кўрилмоқда. Президент барча ислоҳотлар қонун доирасида амалга оширилишини қўшимча қилди. Унинг айтишича, вазиятни беқарорлаштиришга уринишлар асоссиз бўлиб, мамлакатда барқарорлик сақланмоқда.





