«Қиммат нарх кундузи чироқ ёқмасликка ўргатади» — Энергетика вазирлиги вакили энергия тежамкорлиги ҳақида
Вазирликка кўра, электр энергияси нархи ошиши орқали аҳолининг кундузи чироқ ёқмаслиги ва кирилмаган хоналарни иситмаслигига эришилади.

Электр энергияси нархларининг ошиши аҳолини тежамкорликка ўргатиши ва энергия самарадорлигини таъминлаши мумкин. Нарх баланд бўлгани сабаб, одамлар кундузи чироқларни беҳуда ёқиб қўймаслиги ва фойдаланилмайдиган хоналарни иситмаслиги кутилмоқда. Бу ҳақда UzReport TV каналининг «Ҳуқуқий нигоҳ» подкастида Энергетика вазирлиги мутахассиси Элбек Саидов маълум қилди.
Журналист Севара Ўринбоева вазирлик мутахассисига янги тарифлар энергия самарадорлигини оширишга қаратилганми, деган савол билан мурожаат қилган. Элбек Саидов ушбу саволга тасдиқ жавобини бериб, ниманинг нархи баланд бўлса, одамлар ундан озгина тежамкорлик билан фойдаланишини таъкидлади.
«Мана 2017 йилда истеъмолчиларимиз сони 6 миллион 600 та бўлган электр энергия таъминоти истеъмолчилари сони. Истеъмол қилинган электр энергияси 54 миллиард киловатт-соатни ташкил қилган. Бу 2025 йилга келиб истеъмолчилар сони 8 миллион 600 тани ташкил қиляпти. Ўз-ўзидан электр энергияси истеъмоли ҳам 71 млрд киловатт-соатдан ошиқ. Бу билан нима демоқчиман бу гапим билан? Истеъмолчилар сонининг ортиши бу Ўзбекистонда иқтисодиёт тизимида ҳамма соҳанинг ривожланаётганидан далолат беради. Мана, ҳар бир ўсаётган ё ривожланган давлатларни мисол қилиб оладиган бўлсак, электр энергияга бўлган талаб ошгани бу ишлаб чиқариш, саноати, аҳолининг турмуш даражаси яхшиланаётганидан далолат, ижтимоий объектларни яхшиланаётганидан далолат беради. Бу электр энергияга бўлган талаб ўз-ўзидан ошиб қолмайди. Яъни сабаблари бор. Мисол, безатилиши, чиройли уйларни безаши, мисол, яхлатиши, совитиши, иситиш тизимларига ўтиши, бу ҳаммаси бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бу нарсаларни қоплаш учун энергетика тизимида жуда кўп ислоҳотлар олиб бориляпти. Яъни нечта подстанциялар, станциялар қурилди, қувват оширилди станцияларда. Шу ўринда станциянинг ўзининг қувватини ошириш етарли бўлмасдан, бу биз транспортировкани, ҳамкасбим айтгандай, транспортировкани ҳам қувватини оширишга тўғри келди. Ўз-ўзидан аҳолига етказиб берилаётган трансформатор пунктлари деймиз бизнинг тилида, шу орқали электр энергиясини етказиб бериш учун уларни яхшилашга қаратилган урғу яратилди. Қилинаётган ишларни мисол қилиб оладиган бўлсак, 2017 йилдан 25 йилгача 12,500 мегаволт-ампердан кўп қувват ўтказувчанлик яратилди подстанцияларимизда. 2000 дан зиёд магистраль тармоқлар қурилди. 80,000 километрга яқин тақсимлаш тармоқлари модернизация-реконструкция қилиб янгиланди. 21,000 зиёддан ортиқ трансформатор пунктлари яхшиланди. Бу ҳаммаси шу йилгача умуман тарифларимиз ошмаган, лекин мана шу нималар, нагрузкалар келиб бюджетга тақалади, мана ҳамкасбим айтгандай, нагрузка, нима дейди, юкламаси дейди. Шу нарсани энди секин-секин аста ривожланган давлатларда ҳам мисол қилиб оладиган бўлсак, электр энергия нархи жуда қиммат. Масалан, оддийгина Хитойни мисол қилиб оладиган бўлсак, жуда қиммат. Энди мен айтмоқчи бўлганим, бу ерда аҳолини электр энергиядан фойдаланишини чеклашимиз ё ундан қандайдир чеклов билан унақа ният, унақа мақсад йўқ бу ёқда. Мақсад шу электр энергиядан оқилона фойдаланиш бизнинг мақсадимиз. Яъни ниманинг нархи баланд бўлса, шунга бўлган истеъмолда озгина тежамкорликка эришамиз. Мисол, кундузи чироқларни ёқиб қўйиш, бефойда жойларда ёқиб қўйиш, кирмаган хоналарни иситиш, мисол, шулардан чекланамиз», - деди Элбек Саидов.
Модернизация ва тармоқдаги ўзгаришлар
Энергетика тизимида ортиб бораётган талабни қоплаш учун янги станциялар қурилади ва мавжудларининг қуввати оширилади. Бироқ, тармоқ инфратузилмасини кенгайтирмасдан туриб бу етарли эмаслиги сабабли, электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб берувчи трансформатор пунктларини янгилаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда берилган маълумотларга кўра, 2017 йилдан 2025 йилгача подстанцияларда 12,5 минг МВА дан зиёд қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилган. Бундан ташқари, 2 мингдан ортиқ магистрал тармоқлар қурилиб, 80 минг километрга яқин тақсимлаш тармоқлари модернизация қилинган ва 21 мингдан ортиқ трансформатор пунктлари янгиланган.
Ривожланган давлатлар тажрибаси
Энергетика вазирлиги вакили узоқ йиллар давомида тарифлар ошмаганини ва бу юкламалар давлат бюджетига тушганини қайд этди. Шунингдек, ривожланган давлатларда, хусусан, Хитойда электр энергияси нархи юқори эканлигини мисол қилиб келтирди. Унинг қўшимча қилишича, вазирлик аҳолининг электр энергиясидан фойдаланишини чеклашни эмас, балки ундан оқилона фойдаланилишини мақсад қилган.





