Қирғизистон темирйўл қуриш учун Хитойдан кредит олади

Қирғизистон Хитой—Қирғизистон—Ўзбекистон темирйўли қурилишидаги ўз улушини молиялаштириш учун Хитойдан 305 миллион доллар имтиёзли кредит жалб қилади.

Қирғизистон темирйўл қуриш учун Хитойдан кредит олади © 24.kg

Қирғизистон транспорт вазири ўринбосари Алмаз Тургунбоев маълум қилишича, темирйўли қурилиши учун кредит 25 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан ва йиллик 1,5 фоиз ставкада ажратилади. Шунингдек, умумий маблағнинг 35 фоизи грант сифатида тақдим этилади.

Темирйўлнинг умумий қиймати

Темирйўл лойиҳасининг умумий қиймати 5 миллиард долларга баҳоланмоқда. Унинг асосий қисми — 4,7 миллиард доллар Қирғизистон ҳудудидан ўтувчи темирйўл участкаси қурилишига сарфланади. Ўзбекистон ҳудудида эса мавжуд темирйўл инфратузилмасини таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.

Лойиҳани амалга ошириш учун Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон иштирокида қўшма корхона ташкил этилган. Қирғизистоннинг умумий молиявий иштироки 24,5 фоизни ташкил этади. Бишкек ўз улушини давлат бюджети ва Хитой кредити ҳисобидан тенг тақсимот асосида қоплайди.

Лойиҳанинг илк ғояси

Мазкур темирйўл ғояси илк бор 1996 йилда илгари сурилган бўлиб, шу вақтгача камида 18 та техник-иқтисодий асос ишлаб чиқилган. Лойиҳа мураккаб тоғли ҳудудлар, темирйўл изи стандартлари ва молиялаштириш масалалари сабаб узоқ йиллар давомида кечиктирилган.

2024 йил июн ойида уч давлат темирйўл қурилиши бўйича расмий битимни имзолаган. Шу йил 27 декабр куни қурилиш ишларига старт берилган эди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу лойиҳани «қарийб 30 йиллик саъй-ҳаракатлар натижаси бўлган тарихий воқеа» деб атаган.

Шунингдек, Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг маълум қилишича, Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлининг ишга туширилиши тахминан 2030 йилга мўлжалланмоқда. 2030 йилда темирйўл орқали 8 миллион тонна юк ташиш кутилмоқда. Бу кўрсаткич 2040 йилга бориб 10 миллион, 2050 йилда эса 13,5 миллион тоннага етади. Қирғизистон ҳукумати лойиҳа 30–40 йил ичида ўзини тўлиқ қоплашини маълум қилган.

Teglar

Mavzuga oid

Қирғизистон темирйўл қуриш учун Хитойдан кредит олади | Vaqt.uz