Қўқондаги портлаш ортидан жиноят иши қўзғатилди

26.02.2026 | 10:401 daqiqa

Кўп қаватли уйдаги бахтсиз ҳодиса бир фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган.

Қўқондаги портлаш ортидан жиноят иши қўзғатилди

Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги кўп қаватли уйда содир бўлган портлаш юзасидан Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ Тергов департаменти маълум қилди.

Маълумотга кўра, ҳодиса 25 феврал куни Бўстон маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги уйда юз берган. Портлаш ортидан ёнғин келиб чиққан. Тергов ҳаракатлари Фарғона вилояти ИИБ 2-минтақавий ҳудуд Тергов бўлими томонидан бошланган ва иш Тергов департаменти назоратига олинган.

Бахтсиз ҳодиса оқибатида ушбу уйда яшаган, 2007 йилда туғилган фуқаро бетон қоплама босиб қолиши сабаб оғир тан жароҳати олган ва воқеа жойида вафот этган. Айни пайтда бошқа жабрланганлар ҳақида расмий маълумот берилмаган. Портлаш туфайли бир нечта хонадонларга зарар етган.

Ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида жой кўздан кечирилмоқда. Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашропов раҳбарлигида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, масъулларга зарур топшириқлар берилган. Жумладан, ҳодиса жойини процессуал талабларга мувофиқ ҳужжатлаштириш, аҳамиятли ашёларни олиш ва гувоҳлардан кўрсатмалар йиғиш вазифалари белгиланган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Қўқонда 16 феврал куни ҳам кўп қаватли уйда газ портлаши қайд этилган эди. Ўшанда тўрт нафар фуқаро турли даражада куйиш жароҳати олган, улардан бири шифохонада вафот этганди.

Teglar

Mavzuga oid