Қозоғистон иқтисодиёти беш ойда 3,7 фоизга ўсди
Ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2025 йил охирига келиб 6,5 фоизни ташкил этганди.
© Kazakhstan TodayҚозоғистон иқтисодиёти 2026 йилнинг дастлабки беш ойида 3,7 фоизга яхшиланди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
World Impact Media Organization’нинг янги таҳлилий ҳисоботида Қозоғистон янада барқарор ва диверсификацияланган ўсишни намойиш этаётгани, инвестиция жозибадорлигини ошираётгани ва иқтисодиётнинг хомашёга қарамлигини аста-секин камайтираётгани таъкидланган. Муаллифлар ушбу натижалар беқарор глобал иқтисодий вазият: глобал ўсишнинг секинлашиши, бозорнинг ўзгарувчанлиги, савдо оқимларининг ўзгариши ва инвестициялар учун рақобатнинг кучайиши фонида айниқса муҳимлигини таъкидлайди.
Ушбу шароитда Қозоғистон, WIMO маълумотларига кўра, нисбатан барқарор ўсиш динамикасини сақлаб қолмоқда. Қозоғистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 2025 йил охирига келиб 6,5 фоизни ташкил этди ва иқтисодиёт 2026 йилнинг дастлабки беш ойида 3,7 фоизга ўсди. Реал сектор 4 фоизга, хизмат кўрсатиш соҳаси эса 3,6 фоизга ўсди. Ўсиш кенг қамровли бўлди: қурилиш 13,4 фоизга, ишлаб чиқариш 9 фоизга, транспорт ва омборхона 8,4 фоизга ва савдо 5,6 фоизга илдамлади.
Инвестицияларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Келтирилган маълумотларга кўра, Қозоғистонга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 2025 йилда 20,5 миллиард долларга етди, бу 2024 йилга нисбатан 14,4 фоизга кўпдир. Инвестиция оқимлари ҳам тобора диверсификация қилиниб, қазиб олиш секторидан ташқарига ҳам кенгайиб бормоқда.
Шунингдек, 2025 йилда «яшил майдон» инвестициялари жами 19 миллиард долларни ташкил этгани, бу Марказий Осиёдаги барча бундай инвестицияларнинг қарийб 89 фоизини ташкил этгани айтилган. WMO таъкидлашича, бу рақамлар аниқ ўзгаришни акс эттиради: Қозоғистон шунчаки товарлар эмас, балки инвестициялар, саноат ва замонавий хизматлар орқали тобора ўсиб бормоқда.
World Impact Media Organization маълумотларига кўра, биргаликда кўрилган ушбу чоралар инвесторлар учун хавфларни камайтиради, жараёнларнинг шаффофлигини оширади ва узоқ муддатли инвестициялар учун янада қулай шароитлар яратади.
Ҳисоботда шунингдек, Қозоғистон Сингапур, Қатар, Хитой ва Саудия Арабистони каби асосий ҳамкорлар билан ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш шартномалари тармоғини кенгайтираётгани айтилган. Халқаро таҳлилчиларга кўра, Қозоғистон аста-секин инвестициялар, саноат, логистика, агросаноат комплекси ва замонавий хизматлар асосий роль ўйнайдиган янада барқарор ривожланиш моделига ўтмоқда. Бу мамлакатнинг халқаро бизнес учун ишончли ва олдиндан айтиб бўладиган ҳамкор сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2048 йилга бориб дунёдаги ўртача кўрсаткичга етиши мумкинлиги ҳақида ёзган эдик. Шунингдек, Ўзбекистон Марказий Осиёда ҳаво юк ташиш ҳажми бўйича энг катта ўсишга эришгани хабар қилинганди.





