Қозоғистонда Ан-2 самолёти ҳалокатга учради

Bugun 16:321 daqiqa

Қозоғистоннинг Павлодар вилоятида авиакимёвий ишларини бажараётган Ан-2 самолёти қулаши оқибатида бир учувчи ҳалок бўлди, иккинчи учувчи эса оғир аҳволда шифохонага ётқизилди.

Қозоғистонда Ан-2 самолёти ҳалокатга учради

Фожиа 27 май куни Павлодар вилоятининг Железинка қишлоғи яқинида содир бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, Ан-2 русумли самолёт электр узатиш линияларига тегиб кетганидан кейин қулаган. Бу ҳақда Қозоғистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.

Вазирликка кўра, ҳаво кемаси авиакимёвий ишларини амалга ошираётган бўлган. Самолёт бортида икки нафар экипаж аъзоси бўлган. Ҳодиса оқибатида учувчилардан бири воқеа жойида ҳалок бўлган.

Иккинчи учувчи Фавқулодда вазиятлар департаменти ходимлари томонидан самолёт ичидан олиб чиқилган. У ҳушида бўлган ҳолда Железинка туман шифохонасига етказилган. Кейинчалик эса офатлар тиббиёти маркази орқали Павлодар шаҳридаги 1-сонли шифохонанинг политравма бўлимига кўчирилган.

Маълум қилинишича, ҳалок бўлган учувчи шу куни 29 ёшни қарши олган. Жароҳатланган иккинчи учувчи эса 1998 йилда туғилган. Шифокорлар унинг аҳволи бўйича текширувлардан кейин қўшимча маълумот беришини билдирган.

Қозоғистон Транспорт вазирлиги ҳодиса сабабларини транспортдаги ҳодиса ва инцидентларни тергов қилиш департаменти ўрганишини маълум қилди. Мутахассислар воқеа жойига етиб борган.

Самолёт ҳалокати юзасидан Павлодар транспорт полицияси томонидан жиноий иш қўзғатилган. Тергов доирасида самолётнинг техник ҳолати, парвоз шароити ва электр тармоқларига тегиб кетиш эҳтимоли ўрганилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid