Қозоғистонда нефт компанияси ярим миллиардга жаримага тортилди

Bugun 16:442 daqiqa

Назорат органи маълумотига кўра, Хитой компанияси бурғилаш чиқиндиларини белгиланган меъёрдан 513 тоннадан ортиқ кўп тўплаган.

Қозоғистонда нефт компанияси ярим миллиардга жаримага тортилди © Pixabay.com

Қозоғистоннинг Мангистау вилоятида нефт компанияси қарийб ярим миллиард тенгега (тахминан 1 млн 60 минг доллар) жаримага тортилди, деб хабар берди «Tengrinews.kz».

Назорат органи маълумотига кўра, «Buzachi Operating Ltd» филиали бурғилаш ишларини олиб бориш чоғида хавфли чиқиндиларни тўплаш бўйича белгиланган лимитни сезиларли даражада ошириб юборган. Бурғилаш чиқиндилари ҳажми 513,2 тоннага ортиқ бўлган.

«Прокуратура акти асосида ушбу компания Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекснинг 328-моддаси 6-қисмига мувофиқ 474 миллион тенге миқдорида жарима кўринишида маъмурий жавобгарликка тортилди», – дейилади хабарда.

Бу «Buzachi Operating Ltd» билан биринчи ҳолат эмас

«Buzachi Operating Ltd» – Шимолий Бузачи конини ўзлаштираётган оператор компания ҳисобланади. У 2004-йилдан бери фаолият юритиб келмоқда ва уни Хитойнинг «Sinopec» ҳамда CNPC назорат қилади. Ақтаудаги филиалга хитойлик бош директор Чжу Айцзюн раҳбарлик қилади.

Мангистау прокуратурасининг ушбу компанияга нисбатан эътирозлари биринчи марта эмас. 2025-йил март ойида ҳам идора «Buzachi Operating Ltd»дан 8,4 миллиард тенге зарарни қоплашни талаб қилган эди. Ўшанда прокурорлар нефт қазиб чиқарувчи корхона олти йил давомида рухсатсиз равишда ҳамроҳ газни ёқиб келгани ва хомашё йўқотишлари билан ишлаганини аниқлаган. Компания ушбу маблағни тўлиқ бюджетга ўтказган.
 
Қашаган конидаги олтингугурт кейси

Аввалроқ Қозоғистон йирик арбитраж ва суд низоларида иштирок этаётгани, уларнинг айримлари ёпиқ режимда кўрилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Энг йирик ишлардан бири – «North Caspian Operating Company» билан 2,3 триллион тенгелик низо ҳақида адлия вазири ўринбосари Даниел Ваисов маълум қилган.
Гап Қашаган конида олтингугуртни сақлаш лимитларини ошириш билан боғлиқ экологик даъволар ҳақида бормоқда. Текширувлар маълумотига кўра, компания меъёрдан ортиқ равишда тахминан 1,2 миллион тонна олтингугурт сақлаган.

Қозоғистондаги биринчи инстанция суди давлат позициясини қўллаб-қувватлаган, аммо кейинчалик қарор бир неча бор қайта кўриб чиқилган. Ҳозирда иш апелляция инстанциясида кўрилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid