Рекорд кўрсаткичлар: банклар ярим йилда қандай фойда олди?
Ўзбекистон банклари ярим йил учун молиявий ҳисоботларини эълон қилмоқда. 6 ойда «Ипотекабанк» 1,4 трлн сўм фойда олган бўлса, «SQB» фойдасини 1,1 трлн сўмга етказди. Аксарият банклар ўзи учун рекорд даражадаги молиявий натижаларга эришган.
© Foto: spot.uzЎзбекистон банклари 2026-йилнинг биринчи ярим йиллиги бўйича молиявий ҳисоботларини эълон қилишни бошлади. Vaqt.uz уларнинг таҳлилини тақдим қилади.
«Ипотекабанк»
2023-йили хусусийлаштириш натижасида Венгриянинг OTP Bank’ига сотилган «Ипотекабанк» 2026-йилнинг II чорагида 1 трлн 388,7 млрд сўм соф фойда олди. Бу Ўзбекистон банклари учун рекорд кўрсаткич.
Таққослаш учун банк ўтган йилнинг мос даврида 392,5 млрд сўм зарар кўрганди. «Ипотекабанк» молиявий кўрсаткичини бир йилда 1 трлн 781 млрд сўмга яхшилади.
Бундай молиявий яхшиланишга банк ўтган йили кредитлар бўйича захира қилгани билан изоҳланади. Венгрия банки томонидан сотиб олинггач «Ипотекабанк»нинг муаммоли кредитлари қайта кўриб чиқилди ва бу фойдага таъсир қилди.
2025-йилнинг биринчи ярмида кредит бўйича захира учун 3 трлн сўмга яқин маблағ ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 969 млрд сўмгача камайди.
«Ипотекабанк» I чоракда Ўзбекистондаги энг кўп фойда олган банкка айланиб олганди. Катта эҳтимол билан банк бу чоракда ҳам шу мақомни сақлаб қолди.
«SQB»
Мамлакатдаги давлат банкларидан бири «SQB» ярим йилда фойдасини 36,7 фоизга ошириб, 1,1 трлн сўмга етказди. Ўтган йилнинг мос давридаги соф фойда 808,6 млрд сўмни ташкил қилганди.
Банк фойдаси ўсишига фоизсиз даромадларнинг 202 фоизга кескин ошиши сабаб бўлди. Бу кўрсаткич 3,45 трлн сўмдан 10,41 трлн сўмга кўпайган.
«Ипотекабанк»дан фарқли равишда «SQB» кредитлар бўйича захира учун ўтган йилга нисбатан 4,7 трлн сўм кўпроқ ажратди. Акс ҳолда фойда бундан ҳам кўпроқ бўларди. Бу банкнинг IPOга чиқишга тайёргарлик кўраётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Маълумот учун, «SQB» Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) таркибида Лондон ва Тошкентда IPOга чиқарилганди. Банкнинг 40 фоизи жамғармага тегишли.
IPO натижасида UzNIF’нинг 31 фоизи учун қарийб 700 млн долларга яқин маблағ жалб қилинганди.
«Инфинбанк»
2026-йилнинг II чораги якунларига кўра, «Инфинбанк» фойдаси 2,5 баробар кўпайди ва 353,2 млрд сўмга етди. Банк ўтган йилнинг шу даврида 136,9 млрд сўм фойда олганди. Фойда ўсишига банкнинг даромадлари сезиларли ўсгани ёрдам берди.
Фоизли даромадлар анча камтарроқ — 12,8 фоизга ўсди ва 1,2 трлн сўмга етди. Фоизсиз даромадлар эса 112,7 фоизга кескин ошиб, 791 млрд сўмни ташкил қилди.
Бунда комиссион даромадлар 248,4 млрд сўмдан 623,3 млрд сўмга кўпайгани фойда ўсишига асосий турткилардан бири бўлди.
Қизиғи, банкнинг иш ҳақи учун ажратилган харажатлари 9,9 фоизга камайиб, 166 млрд сўмгача камайган.
Яъни, «Инфинбанк» ходимларига камроқ пул бериб, кўпроқ фойда олмоқда. Бундай ҳолат банкларда камдан-кам содир бўлади.
«Инфинбанк»нинг асосий акциядори Фарҳод Мамажонов ҳисобланади. У бир неча ой аввал бизнес шериклари билан авиакомпания очганди.
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, яқинда тадбиркор Perfectum Mobile компаниясининг 50 фоизини ҳам сотиб олган.
Бошқа банклар
Ярим йилликнинг молиявий натижалари бошқа банкларда ҳам ижобий якунланди. Айниқса, айрим хусусий банклар фойда ўсиши бўйича юқори кўрсаткичларни қайд этди.
Қозоғистондаги «Halyk Bank»нинг шўъба банки бўлган «Tenge Bank» биринчи ярим йилликни 22,7 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Ўтган йилнинг мос даврида банк атиги 3,8 млрд сўм фойда олган эди.
Натижада соф фойда қарийб 6 баробар ёки 490,7 фоизга ошди. Бу ҳисобот берган банклар орасидаги энг юқори ўсиш суръатларидан бири бўлди.
«TBC Bank» ҳам юқори ўсишни намойиш этди. Рақамли банк ярим йилда 288,1 млрд сўм соф фойда олди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 2,9 баробар ёки 185,1 фоизга кўп.
Давлатга тегишли «Туронбанк» ҳам фойдасини оширишга муваффақ бўлди. Банк биринчи ярим йилликни 22 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилга нисбатан 50,6 фоизга кўп.
Рақамли банклар орасида энг юқори ўсишлардан бирини «Uzum Bank» қайд этди. Банк 2026-йилнинг биринчи ярим йиллигида 258,1 млрд сўм соф фойда олди.
Таққослаш учун, ўтган йилнинг мос даврида банкнинг соф фойдаси 30,4 млрд сўмни ташкил этганди. Натижада «Uzum Bank» фойдаси бир йил ичида 8,5 баробар ошди.
Хусусий банклар орасида «Octobank» ҳам юқори молиявий кўрсаткичга эга. II чорак якуни бўйича, банк фойдаси 5,1 фоизга ўсиб, 170,6 млрд сўмга етди.
Бироқ барча банкларда ҳам вазият бир хил эмас.
БAA компанияси эгалик қиладиган «Пойтахт Банк»нинг соф фойдаси бир йилда 15 млрд сўмдан 6 млрд сўмга тушиб, қарийб 60 фоизга камайди.
«Madad Invest Bank»да ҳам фойда пасайди. Банк ярим йилликни 5,95 млрд сўм соф фойда билан якунлади. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,2 фоизга кам.
Аввалроқ ярим йилда «Ҳамкорбанк» қарийб 1 трлн сўм фойда олгани хабар қилинганди.
Умуман олганда, 2026-йил банклар учун молиявий жиҳатдан жуда фойдали бўлмоқда. 5 ой давомида Ўзбекистондаги барча банклар биргаликда 8,5 трлн сўм фойда кўрганди. Бунда ўсиш кўрсаткичи 66,7 фоизни ташкил қилган.
II чорак ҳисоботлари йирик давлат банклари ва хусусий банклар юқори молиявий натижаларни қайд этаётганини кўрсатмоқда.
Teglar






