Россия Эронга қурол етказиб бериш бўйича махфий битим тузгани айтилмоқда

23.02.2026 | 20:072 daqiqa

Битим АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётган вақтда маълум бўлди.

Россия Эронга қурол етказиб бериш бўйича махфий битим тузгани айтилмоқда

Россия ва Эрон қиймати деярли 500 млн евро бўлган минглаб замонавий кўчма ракета мажмуаларини етказиб бериш бўйича махфий битим имзолади. Бу ҳақда «Bild» нашри хабар берди.

Нашрнинг «Financial Times» газетасига таяниб хабар беришича, ҳали декабр ойида Москва ва Теҳрон Россия Эронга умумий қиймати 495 млн евро бўлган 2500 та 9К333 Верба типидаги ракеталар, шунингдек 500 та учириш қурилмасини етказиб бериши борасида келишиб олган.

Қайд этилишича, Россия етказиб беришни 2027 йилдан 2029 йилгача уч босқичда амалга оширишни режалаштирмоқда. Бироқ ушбу тизимларнинг бироз қисми Эронга етказиб бўлинган бўлиши мумкин.

«Тунги болға» операцияси

Материалда айтилишича, Теҳрон ракеталар етказиб берилишини Россиядан ўтган йилнинг июн ойидаги Исроил-Эрон низосидан бир неча кун ўтиб сўраган.

Ўн икки кунлик уруш вақтида Исроил ва АҚШ Эроннинг ҳарбий объектлари ва ядровий иншоотларига авиазарбалар берган эди. Ўшанда Эрон ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари жиддий шикастланган.

Бундан ташқари, Россия жанговар вертолётлар етказиб бермоқчи. Январ ойида Эрон олтитагача Россиянинг Ми-28 вертолётларини қабул қилиб олди ва хабарларга кўра, улардан бирини шу ойда Теҳронда ишлатган.

Битим АҚШ ва Эрон ўртасидаги кескинлик кучайиб бораётган вақтда маълум бўлди.

Эслатиб ўтамиз, 20 феврал куни Вашингтондаги Тинчлик кенгашининг биринчи йиғилишида сўзга чиққан Доналд Трамп 10 кун ичида «дунё Эрон билан нима бўлишини билиб олади», деб баёнот берди.

Аввалроқ Яқин Шарқда бўлиб турган АҚШ ҳарбийлари Трампга зарба беришга тўлиқ тайёр экани ҳақида ҳисобот берган эди.

Бунгача эса Исроилда Эрон билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўрилаётгани хабар қилинганди. У ерда агар АҚШ Эронга зарба берса, Эрон жавобан Исроилга зарба беришини тахмин қилишмоқда.

Шу билан бирга, Россия ТИВ агар АҚШ барибир Эронга зарба берса, «ядровий ҳодиса хавфи» борлигини маълум қилди.

Навбатдаги ҳужум таҳдиди

Трамп навбатдаги ҳужум 2025 йил ёзидаги «Тунги болға» (Operation Midnight Hammer) операциясидан ҳам кучлироқ бўлиши билан таҳдид қилди.

«Мен Эронга аввал ҳам айтганман: келишув тузинг. Улар буни қилишмади ва натижада Эроннинг кенг кўламли вайрон этилишига сабаб бўлган «Тунги болға» операцияси амалга оширилди. Навбатдаги ҳужум бундан ҳам баттар бўлади! Бунинг яна такрорланишига йўл қўйманг», — дея огоҳлантирди АҚШ президенти.

Аввалроқ Би-би-си рус хизмати Форс кўрфази минтақасига, Эрон қирғоқларига Америка авиаташувчилар гуруҳи етиб келгани ҳақида хабар берган эди.

Бунга қадар эронлик депутат, агар Эронга қарши ҳарбий куч ишлатилса, америкалик ҳарбийларни ўз оилалари билан хайрлашиб қўйишга чақирганди. Таъкидлаш жоизки, Яқин Шарқдаги кучайиб бораётган кескинлик сабаб Қозоғистон ўз авиакомпанияларига Эрон устидан учишни тақиқлаб қўйган.

Teglar

Mavzuga oid