Россия иқтисодиёти 2023 йилдан буён илк бор қулаш босқичида

05.03.2026 | 20:192 daqiqa

Россия ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) январ ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,1 фоизга камайди. Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ушбу пасайишни иш кунларининг камлиги ва кучли совуқлар билан изоҳламоқда.

Россия иқтисодиёти 2023 йилдан буён илк бор қулаш босқичида

Иқтисодиётнинг асосий драйвери бўлган истеъмол талаби сезиларли даражада заифлашди. ҚҚС ставкасининг 22 фоизга кўтарилиши ортидан нархларнинг ошиши чакана савдо айланмаси ўсишини декабрдаги 3,9 фоиздан январда 0,7 фоизгача тушириб юборди. Хизматлар соҳаси ҳам 2,7 фоизгача секинлашган.

Мутахассислар аҳоли реал даромадлари ва харид қобилияти ўртасидаги номутаносибликка эътибор қаратмоқдалар. Иш ҳақининг реал ўсиши декабр ойида атиги 2,4 фоизни ташкил этди. Юқори кредит ставкалари ва инфляция босими туфайли уй хўжаликларининг истеъмол фаоллиги кескин совиган. Фақатгина умумий овқатланиш соҳасида харажатларнинг тезлашиши (15,1%) кузатилган.

Иқтисодиётни ушлаб турган ҲСМ

Ҳозирги шароитда Россия иқтисодиётини асосан Ҳарбий-саноат мажмуаси таъминлаётган тармоқлар ушлаб турибди. Ҳарбий маҳсулотлар улуши юқори бўлган соҳаларда ишлаб чиқариш ўсишда давом этмоқда. Бироқ қолган тармоқларда вазият анча мураккаб.

Хусусан, металлургия саноатида 6,6 фоизлик пасайиш қайд этилган бўлса, автотранспорт воситалари ишлаб чиқариш 21,3 фоизга қулаган. Қурилиш соҳаси ҳам аномал совуқлар ва базавий эффект туфайли 16 фоизга қисқарган. Юқори кредит ставкалари ва жаҳон бозоридаги паст нархлар ишлаб чиқарувчиларга қўшимча босим ўтказмоқда.

Прогнозлар ва истиқбол

2025 йилда Россия ЯИМ бор-йўғи 1 фоизга ўсган эди. 2026 йил учун прогнозлар ҳам умидбахш эмас: Иқтисодий ривожланиш вазирлиги 1,3 фоизлик ўсишни кутаётган бўлса, Халқаро валюта жамғармаси (0,8 фоиз) ва Россия Марказий банки (0,5–1,5 фоиз) кўрсаткичлари анча паст.

Экспертларнинг фикрича, календар омиллар олиб ташланганда ҳам иқтисодиёт стагнация (турғунлик) ҳолатига яқин турибди. Ҳарбий буюртмалардан ташқари иқтисодий фаолликнинг фронтал пасайиши кузатилмоқда. Бу эса жорий йилда иқтисодий ўсиш суръатларининг 1 фоиздан ҳам паст бўлиши хавфини юзага келтиради.

Teglar

Mavzuga oid