Logo

Россия нефт экспорти сўнгги тўрт йиллик рекордни янгилади — «Bloomberg»

Bugun 10:252 daqiqa

Россиянинг нефт экспорти 2026 йил май ойида суткасига ўртача 3,46 миллион баррелни ташкил этди. Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, бу кўрсаткич 2022 йилдан буён қайд этилган энг юқори даража ҳисобланади.

Россия нефт экспорти сўнгги тўрт йиллик рекордни янгилади — «Bloomberg» © nationalinterest.org

«Bloomberg» нашри маълумотларига кўра, Москва жаҳон бозорига нефт етказиб бериш ҳажмини изчил равишда оширмоқда. Йил бошидан буёнги ўртача экспорт ҳажми 2025 йилдаги кўрсаткичдан қарийб 120 минг баррелга юқори бўлган.

Бу натижа Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейинги даврда кузатилган 4 йиллик ўртача кўрсаткичлардан ҳам юқори ҳисобланади.

Етказиб бериш ўсиши

«Bloomberg» танкерлар ҳаракатини кузатиш маълумотларига таяниб, 31 майгача бўлган тўрт ҳафта давомида ҳом нефт етказиб бериш ҳажми суткасига ўртача 3,64 миллион баррелга етганини қайд этган.

Нашрга кўра, бу кўрсаткич йилнинг биринчи чорагидаги ўртача даражадан қарийб 300 минг баррелга юқори бўлган. Бу эса Россиянинг ташқи бозорларга етказиб бериш имкониятлари кенгайганини кўрсатади.

Шу билан бирга, денгиз орқали ташилаётган Россия нефти ҳажми 124 миллион баррелга етган. Бу апрел ойи ўртасида қайд этилган энг паст даражадан тахминан 25 фоизга кўпдир.

Танкерларни кузатиш маълумотлари мазкур нефт ҳажмининг деярли барчаси харидорларга етказиб бериш жараёнида эканини кўрсатган. Яъни юкланган нефть денгизда узоқ муддат сақланмаётгани таъкидланган.

Бозор ва санкциялар

Жаҳон нефт бозоридаги вазият ҳам Россия экспорт даромадларига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Эрон атрофидаги кескинлик ва Ҳўрмуз бўғозидаги хавфлар фонида нефт нархлари ошган.

Натижада Россия нефт экспортининг қиймати 2022 йил февралидан бери кузатилган энг юқори даражалардан бирига яқинлашган.

Айни пайтда Ғарб давлатлари санкцияларни кучайтиришда давом этмоқда. Хусусан, Франция 31 май куни Атлантика океанида санкциялар рўйхатига киритилган Россия нефт танкерини мусодара қилган. Кремл эса бу ҳаракатни «халқаро қароқчиликка яқин» қарор сифатида баҳолаган.

Teglar

Mavzuga oid