Россия ва Хитой дунё «ўрмон қонунларига» қайтиш хавфи остида эканини айтди
Путин ва Жинпинг Пекинда бўлиб ўтган қўшма саммитда Трампнинг «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа қалқони режаларини ҳамда Вашингтоннинг «масъулиятсиз» ядровий сиёсатини қоралади.

Россия Президенти Владимир Путин ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг Пекинда бўлиб ўтган қўшма саммитда АҚШ Президенти Доналд Трампнинг «Олтин гумбаз» ракетага қарши мудофаа қалқони режаларини ҳамда Вашингтоннинг «масъулиятсиз» ядровий сиёсатини қоралади. Бу ҳақда икки етакчининг музокаралари якунлари бўйича эълон қилинган қўшма баёнотда маълум қилинди.
Баёнотда таъкидланишича, Трампнинг ер ва коинотга асосланган ракеталарни тутиб қолиш тизими лойиҳаси глобал стратегик барқарорликка таҳдид солади. Си Жинпинг ўз нутқида бир томонламалик ва гегемонизм чуқур хавф туғдираётганини ҳамда дунё «ўрмон қонунларига» қайтиш хавфига дуч келаётганини билдирди. Ушбу учрашув Си Жинпинг ўтган ҳафта АҚШ Президенти Доналд Трампни қабул қилганидан сўнг амалга оширилди.
Глобал хавфсизлик масалаларида бир овоздан фикр билдирган икки етакчи, шунга қарамай, Москва узоқ вақтдан бери кутаётган йирик иқтисодий лойиҳа — «Сибир қуввати-2» янги газ қувури шартномаси бўйича сезиларли ютуққа эриша олмади. Россиянинг Хитойга табиий газ етказиб бериш ҳажмини икки баравардан кўпроқ ошириш имконини берувчи ушбу лойиҳада нарх, молиялаштириш ва шартнома муддатлари бўйича асосий келишмовчиликлар ҳанузгача ҳал этилмай қолмоқда. Кремл томонлар лойиҳа параметрлари бўйича «умумий тушунчага» эришганини маълум қилган бўлса-да, аниқ муддатлар белгиланмади.
Саммит давомида ядро хавфсизлиги, Тайван масаласи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби кенг қамровли мавзуларни ўз ичига олган қўшма баёнот ва декларациядан ташқари, санитария меъёрлари, давлат ахборот воситалари ҳамда ядро энергетикаси соҳаларига оид яна 20 та ҳужжат имзоланди. 2026 йил 20 май куни чой устидаги суҳбат билан якунланган музокаралардан сўнг Владимир Путин Пекинни тарк этди.





