Россияда Instagram’даги реклама учун илк жарима қўлланилди

22.10.2025 | 09:461 daqiqa

Instagram’да реклама жойлаштирган блогерга суд блогерга 30 минг рубл жарима тайинлади, гарчи пост тақиқ амалга киритилишидан аввал чиқарилган бўлса ҳам.

Россияда Instagram’даги реклама учун илк жарима қўлланилди

Россияда Instagram ижтимоий тармоғида реклама жойлаштиргани учун илк марта жарима қўлланилди. Mash ва Shot нашрларининг ёзишича, иш юрист-блогер Евгения Тутушкинага нисбатан қўзғатилган. У Краснодар ўлкасини тарғиб қилувчи меҳмонхона ҳақидаги видеонинг изоҳ қисмида промокод жойлаштиргани учун судга тортилади.

Пост 2025 йил июл ойи бошида, яъни Россияда «тақиқланган» ва «номақбул» ресурсларда реклама жойлаштиришни ман этувчи қонун кучга киришидан олдин эълон қилинган. Шу билан бирга, суд Тутушкинага 30 минг рубл миқдорида жарима тайинлади.

Блогернинг сўзларига кўра, видеога аввал унинг кузатувчилари шикоят қилган, кейинчалик Роскомнадзор бу ҳолатга эътибор қаратган. У суд қарорини апелляция қилиш ниятида эканини маълум қилди. «Мен бу тавсияни бепул берганман, ҳеч қандай моддий манфаат олмаганман», — деди Тутушкина.

Россияда 1 сентябрдан «номақбул ва тақиқланган» сайтларда реклама жойлаштиришга қарши қонун амал қилмоқда. Ҳужжатга кўра, нафақат реклама берувчи, балки тарқатувчи ҳам жавобгар ҳисобланади.

Instagram ва Facebook ижтимоий тармоқлари ва WhatsApp мессенжери эгаси Meta корпорацияси эса Россияда экстремистик ташкилот деб топилган.

Teglar

Mavzuga oid