Россияда нақд рубл ва олтин олиб чиқишга чеклов қўйилди
Россия президенти 1-апрелдан ЕОИИга 100 минг доллардан ортиқ нақд рубл ва 1-майдан 100 граммдан ортиқ олтин олиб чиқишни тақиқлади. Чекловлар миллий манфаатларни ҳимоя қилиш билан изоҳланди.

Россия президенти Владимир Путин 1-апрелдан бошлаб жисмоний шахсларга ЕОИИ мамлакатларига (Арманистон, Беларус, Қозоғистон ва Қирғизистон) 100 минг доллардан ортиқ эквивалентдаги нақд рублларни олиб чиқишни тақиқловчи фармонни имзолади. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун эса бу тақиқ суммадан қатъи назар амал қилади. Маблағларни олиб чиқиш учун энди банкдан пул маблағлари ҳисоб рақамидан ечилганлигини тасдиқловчи махсус маълумотнома талаб этилади.
Шунингдек, 1-майдан бошлаб оғирлиги 100 граммдан ортиқ бўлган олтин қуймаларини мамлакатдан олиб чиқиш ҳам чекланади. Фақатгина Москвадаги йирик аэропортлар (Внуково, Шереметйево, Домодедово) ва Владивостокдаги Кневичи аэропорти орқали Федерал асиллик палатасининг рухсати билангина олтин олиб чиқишга йўл қўйилади. Ушбу чекловлар «миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш» ва АҚШ бошчилигидаги «нодўст мамлакатлар»нинг ҳаракатларига қарши туриш мақсадида жорий этилган.
Олтин ва валюта назорати
Ҳукумат ушбу чораларни капиталнинг мамлакатдан чиқиб кетишини тўхтатишнинг сўнгги воситаси сифатида кўрмоқда. 2022 йилдан бери хорижий валютани (доллар, евро) олиб чиқиш 10 минг доллар билан чекланган эди. Натижада, кўпчилик маблағларини нақд рубл ёки олтин қуймаларига айлантириб, қўшни давлатлар орқали олиб чиқиб кетишга ўтган эди.
Молия вазирлигининг маълумотларига кўра, фуқаролар олтинни «чўнтакларида» ташиш орқали божхона тўловлари ва валюта чекловларини четлаб ўтишган.
Иқтисодий иҳоталаниш хавфи
Россия ҳукумати олтинни жисмоний шахслар томонидан олиб чиқиб кетилишини чеклаш масаласини 2023–2024 йиллардаёқ муҳокама қила бошлаган эди. Ўшанда Молия вазирлиги бу жараён божхона тўловларини айланиб ўтишнинг қонуний йўлига айланиб қолганидан хавотир билдирган.
Янги фармон кучга кириши билан Россиядан капитал олиб чиқиб кетиш занжири деярли тўлиқ ёпилади. Экспертларнинг фикрича, бундай қаттиқ чекловлар Россия молия тизимининг ташқи дунёдан янада кўпроқ иҳоталанишига олиб келиши мумкин. Бу чора нафақат капитал оқимини камайтиради, балки ички бозорда рубл қадрини сунъий равишда ушлаб туришга хизмат қилади.





