Россияда телефон фирибгарларининг «ови» юришмай қолди
Манбаларга кўра, одамларни муваффақиятли чув тушириш ҳолатлари кескин қисқарган, 2025 йилда пасайиш 20 фоизгача етган.

Россияда телефон орқали фирибгарлик ҳолатлари камайгани қайд этилмоқда. «Baza» Телеграм каналининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакилига таяниб хабар беришича, фирибгарлар муваффақиятли «чув тушириш»лар сони кескин тушиб кетганидан шикоят қилмоқда.
Суҳбатдош сўзларига кўра, «алданиши мумкин бўлганларнинг деярли барчаси алданиб бўлган», қолган фуқаролар эса ёки психологик босимга берилмайди, ёки уларда шунчаки пул йўқ. Шу боис фирибгарлар учун «иш» қисқарган.
Ҳолат платога чиқди
Маълум қилинишича, телефон фирибгарлиги билан боғлиқ ҳолатлар 2025 йилда тахминан 15–20 фоизга камайган. Мутасаддилар буни киберхавфсизлик чоралари кучайтирилгани ва аҳоли ўртасида огоҳлик ишлари самара бергани билан изоҳламоқда.
Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар пасайиш фирибгарлик тўлиқ барҳам топганини англатмаслигини таъкидлаган. Жиноятчилар янги усуллар — сунъий интеллект, дипфейк технологиялари ва сохта аккаунтлардан фойдаланишга ўтаётгани айтилмоқда.
Янги схемалар пайдо бўлмоқда
Аввалроқ россиялик фуқароларга 23 феврал ва 8 март байрами арафасида фирибгарлар йирик савдо тармоқлари номидан ёки маркетплейс ҳамда гул дўконлари курйери сифатида қўнғироқ қилаётгани ҳақида огоҳлантириш берилган.
Мутахассислар фикрича, жиноятчилар тактикаси ўзгараётган бўлса-да, рақамли ҳушёрлик ва ахборот саводхонлиги ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда.





