Россиянинг Ўзбекистон мева-сабзавотларига чеклов киритгани ҳақидаги хабарлар рад этилди

Bugun 16:552 daqiqa

Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотлари импортига нисбатан ҳеч қандай чеклов жорий этилмаганини маълум қилди.

Россиянинг Ўзбекистон мева-сабзавотларига чеклов киритгани ҳақидаги хабарлар рад этилди © Sergey Bulkin/ TASS

Россиянинг «Росселхознадзор» (Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати федерал хизмати) идораси Ўзбекистондан мева-сабзавот маҳсулотларини олиб кириш бўйича чекловлар жорий этилмаганини маълум қилди.

Идора хабарига кўра, 2026 йил 29 май куни «Росселхознадзор» Ўзбекистоннинг ваколатли органига техник музокаралар ўтказиш таклифи билан мурожаат қилган.

«2026 йил 29 май куни «Росселхознадзор» Ўзбекистондаги ваколатли агентлик билан Россияга ўзбек мева-сабзавот маҳсулотларини хавфсиз ва узлуксиз етказиб беришни таъминлаш механизмини ишлаб чиқиш учун техник музокаралар ўтказиш мақсадида боғланди», — дейилади баёнотда.

Шу муносабат билан «Росселхознадзор» айрим оммавий ахборот воситаларида тарқалган хабарларга изоҳ бериб, Ўзбекистон маҳсулотларини Россияга импорт қилиш бўйича ҳеч қандай чеклов чоралари қўлланмаганини таъкидлади.

Маълумот учун, Ўзбекистон 2026 йилнинг январь–февраль ойларида 219,9 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилган. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, экспорт ҳажми қиймат жиҳатидан 207,3 млн АҚШ долларини ташкил этган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 27,1 минг тонна ёки 14 фоизга кўпдир.

Экспорт таркибида сабзавотлар 87,9 минг тонна билан энг катта улушни эгаллаган. Шунингдек, 56,5 минг тонна мева ва резаворлар, 11,8 минг тонна мош, 5 минг тонна ерёнғоқ ва ёнғоқлар ҳамда 0,2 минг тонна тарвуз-қовун маҳсулотлари ташқи бозорларга етказиб берилган. Қолган 58,5 минг тонна экспорт ҳажми бошқа турдаги маҳсулотлар ҳиссасига тўғри келади.

Teglar

Mavzuga oid