Logo

Рубио Шавкат Мирзиёевга нималар деди?

Bugun 19:554 daqiqa

Ўзбекистон президенти ва Оқ уйнинг ташқи сиёсат идораси раҳбари билан учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ўрни катта экани таъкидланди. Вашингтон ва Тошкент ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19-октябр куни «C5+1» форматидаги вазирлар учрашуви ҳамда Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг иккинчи йиғилишида иштирок этиш учун Самарқандга келган АҚШ Давлат котиби Марко Рубиони қабул қилди.

Учрашув аввалида Марко Рубио давлат раҳбарига АҚШ президенти Доналд Трампнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Асосий эътибор Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклигини янада мустаҳкамлаш, олий даражада эришилган келишувларни изчил амалга ошириш масалаларига қаратилди. АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтиришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлаган «C5+1» форматидаги навбатдаги вазирлар учрашувининг якунлари юқори баҳоланди.

Сиёсат ва хавфсизлик, савдо ва инвестициялар, инновация ва технологиялар, таълим ва маданият каби устувор йўналишларда икки томонлама ҳамкорлик фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.

Президент матбуот хизматининг ёзишича, иқтисодий ҳамкорлик стратегик шерикликнинг асосий таянч нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ошди. Иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида фуқаро авиацияси, автомобилсозлик, кончилик, энергетика, қишлоқ хўжалиги, рақамлаштириш ва молия соҳаларида йирик лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.

Савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришда Ишбилармонлик ва инвестиция кенгашининг ўрни катта экани таъкидланди. Кенгаш йиғилиши доирасида 12 миллиард долларлик янги келишувларга эришилди.

Томонлар амалий ҳамкорликни ривожлантиришнинг янги истиқболларини ҳам белгилаб олди. Ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш ва ишбилармон доиралар делегацияларининг ўзаро ташрифларини йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро сиёсат ва минтақавий хавфсизликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам атрофлича фикр алмашилди. Икки мамлакат етакчилари иштирокида бўлиб ўтадиган бўлажак тадбирлар режаси ва уларни мазмунан бойитиш масалалари кўриб чиқилди.

Рубио нималар деди?

«Раҳмат. Жаноб президент, аввало бизни қабул қилганингиз, бутун жамоангиз вакиллари билан биргаликда бизга кўрсатган самимий меҳмондўстлигингиз учун миннатдорлик билдираман. Айтганингиздек, бу нафақат Марказий Осиёга, балки мамлакатингизга ҳам биринчи ташрифим. Бу ердан сиз эришган ютуқлар ва ҳамкорлик учун мавжуд имкониятлардан катта таассурот олган ҳолда қайтяпмиз.

Ташқи сиёсатда кўпинча инқирозлар ва муаммолар асосий эътиборимизни эгаллайди. Баъзан эса бу имкониятларга етарлича аҳамият бермаслигимизга олиб келади.

Президент Трамп ташқи сиёсатининг асосий тамойилларидан бири шундан иборатки, биз нафақат дунёдаги мавжуд муаммолар ва инқирозларни ҳал қилишимиз, балки айни вақтда тарихий аҳамиятга эга бўлган улкан имкониятлардан ҳам фойдаланишимиз керак.

Шу боис, бир йил аввал бошланган ҳамкорликни давом эттириш мақсадида уч ой аввал Марказий Осиёнинг бешта давлати ва АҚШ иштирокидаги ушбу учрашувга тайёргарликни бошладик. Бу ҳамкорлик АҚШ ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари учун катта имкониятлар яратаётгани шубҳасиз.

Тарих давомида Марказий Осиё Шарқ ва Ғарб мамлакатлари ўртасида савдо-сотиқ ва алоқаларни ривожлантиришда муҳим ўрин тутган. Бугун эса минтақанинг дипломатик ва иқтисодий алоқалар учун қайта очилаётгани, бунда сиз каби етакчилар муҳим роль ўйнаётгани янги ва улкан имкониятларни яратмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё мамлакатлари савдо-иқтисодий дипломатия соҳасида янги ривожланиш даврини бошдан кечирмоқда. АҚШ ҳам бу жараённинг бир қисми бўлишни истайди. АҚШ энергетика, муҳим минераллар, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва юқори технологияларни ривожлантириш каби соҳаларда Ўзбекистон ҳамда минтақанинг бошқа давлатлари билан ҳамкорлик қилишни истайди ва бу борада аллақачон иш олиб бормоқда.

Бугунги форумда иштирок этаётган ҳар бир давлат, жумладан, Марказий Осиёнинг бешта мамлакати ва АҚШ ўз манфаатларига эга бўлган мустақил давлатлар эканидан келиб чиқиб иш тутамиз.

Шу сабабли Марказий Осиё мамлакатларининг дунё билан ҳамкорлик қилишга очиқлиги ва тайёрлигини юқори баҳолаймиз. Улар бу ҳамкорликни ўз эҳтиёжлари, мақсадлари ва халқлари манфаатларига мос равишда олиб бормоқда. Президент Трамп раҳбарлигида АҚШ ҳам худди шу йўлдан бормоқда.

Энг катта имконият эса сизнинг келажакка бўлган интилишларингиз, эҳтиёжларингиз ва миллий манфаатларингиз бизнинг мақсадларимиз билан мос келганида юзага келади. Чунки сиз учун муҳим бўлган нарса биз учун ҳам муҳим бўлса, бу авлодлар давомида сақланиб қоладиган мустаҳкам ҳамкорлик ва яқин алоқаларга асос бўлади.

Аммо бу ҳамкорлик шунчаки гапда қолиб кетмаслиги учун амалий ишлар қилиниши керак. Менимча, шу ҳафтадаги учрашувлар давомида эришган натижаларимиз мамлакатларимизни узоқ муддатли фаровонлик ва хавфсизлик сари янада яқинлаштиради.

Сўнгги йиллардаги ҳамкорлигимиз ва бугунги учрашувларимиз шуни кўрсатадики, ҳукуматларимиз, тадбиркорларимиз ва хусусий компанияларимиз иқтисодий ҳамда бошқа соҳалардаги ҳамкорликни давом эттиришни истайди. Бу кўп йиллар давомида халқларимиз фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Тахминан икки соат аввал президент Трамп билан гаплашдим. У сизга раҳбарлигингиз ва ҳамкорликка очиқлигингиз учун миннатдорлигини етказишимни сўради.

Шунингдек, у мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар мустаҳкам экани ва янада ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлашимни истади. Бу, асосан, сизнинг шахсий ҳиссангиз ва раҳбарлигингиз билан боғлиқ. Биз сиз ва Марказий Осиёдаги барча ҳамкорларимиз билан биргаликда янги даврнинг муаммолари ва имкониятларидан фойдаланишга тайёрмиз. Раҳмат», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марко Рубионинг Ўзбекистондаги илк куни қандай ўтгани ҳақида ёзган эдик.

Teglar

Asadbek Komilov

Asadbek KomilovMaqolalar soni: 489

Barchasi

Mavzuga oid