Рубионинг Ўзбекистондаги илк куни қандай ўтди?
Америка ташқи сиёсат идораси раҳбари дастлаб Регистонни зиёрат қилди. Шундан сўнг журналистларнинг саволларига жавоб бериб, Трампнинг Ўзбекистонга келиши ҳақида гапирди. Қолаверса, журналистлардан бирига мамлакатда ўзбек тили расмий тил эканини эслатди. Америкалик меҳмон республика иқтисодиёти жадал ўсиб бораётганини айтиб, ўз ватанидаги компаниялар ҳам бунга қизиқиб қолганини таъкидлади.

Самарқанднинг марказий кўчалари беш кунга ёпилди, деворларга Америка ва Ўзбекистон байроқлари илинди. Ҳа, Ўзбекистоннинг бу галги меҳмони — АҚШ Давлат котиби Марко Рубио.
Унинг Ўзбекистондаги, аниқроғи, Самарқанддаги илк куни қандай ўтгани айнан шу видеода.
Дипломатлар кўпинча инқироз юзага келган ёки муаммолар пайдо бўлган ҳудудларга, шунингдек, халқаро анжуманлар ўтказиладиган мамлакатларга боришга мажбур бўлади. Лекин Ўзбекистонга келган Америка ташқи сиёсат идораси бошлиғининг айтишича, расмий Вашингтон узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлган давлатларга ташриф буюриш учун ҳам вақт топиши керак.
АҚШ Давлат котиби Марко Рубио 18-октябр куни турмуш ўртоғи билан бирга Ўзбекистонга келди. Америкалик дипломатнинг самолёти Самарқанд халқаро аэропортига қўнди. Уларни самолёт трапи олдида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева, ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов, Доналд Трампнинг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили Сержио Гор ва АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Жонатан Ҳеник кутиб олди.
19-октябр куни Ўзбекистон расмийлари, хусусан Администрация раҳбари Саида Мирзиёева Рубио ва унинг аёлини Регистон майдони бўйлаб айлантиришди.
Администрация бошлиғи Давлат котибининг Ўзбекистонга илк ташрифи айнан Самарқандда ўтаётгани ўзига хос рамзий маънога эгалигини айтди.
Рубио Америкадан йўлга отланаётиб, самолёт олдида берган интервюсида нега айнан Самарқандга келаётганини айтганди. Ўзбекистонга сафари олдидан журналистлар билан суҳбатда у ташриф санаси минтақадаги давлат раҳбарларининг иш жадвали ва бешта давлат ташқи ишлар вазирларининг учрашувини бир вақтда ташкил этиш имкониятини ҳисобга олган ҳолда белгиланганини айтди.
Рубионинг сўзларига кўра, АҚШ нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор. У халқаро инқирозлар ва бошқа шошилинч масалалар муҳим ташрифларни ортга суриб қўйиши мумкинлиги, аммо бу давлатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳам муҳим эканини таъкидлади.
Рубио АҚШ узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлган давлатларга ташриф буюриш учун ҳам вақт топиши кераклигини урғулар экан, бунга мисол қилиб, яқинда Греция ва Лотин Америкаси давлатларига қилган сафарларини эслади. У энди Марказий Осиёга ташриф буюриш навбати келганини айтди.
Танланган саналар минтақадаги бешта давлат ташқи ишлар вазирларини бир жойга тўплаш имконини берган. Айнан Самарқандда Рубио АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлати — Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонни бирлаштирувчи C5+1 форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этади. Шу боис қўшни давлатларнинг расмийлари бирин-кетин етиб келди.
АҚШ Давлат департаменти маълумотига кўра, Давлат котибига 200 нафардан ортиқ америкалик тадбиркор ҳамроҳлик қилмоқда. Вашингтон ушбу ташриф АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтиришга ёрдам беришига умид қилмоқда. Рубионинг Самарқандга келишига, мана шу сафарнинг ташкил этилишига Сержио Гор асосий ҳисса қўшганлардан бири ҳисобланади. У Ўзбекистонда туғилган бўлиб, айни пайтда АҚШнинг Ҳиндистондаги элчиси ҳамда Жанубий ва Марказий Осиё бўйича махсус вакили вазифаларини биргаликда бажармоқда.
Табиийки, АҚШ Давлат котибининг Ўзбекистонга ташрифи, биринчи навбатда, Марказий Осиё экспертларининг катта эътиборини тортди ва турли таҳлилларга сабаб бўлди. Марказий Осиёнинг айрим давлатларида ички ислоҳотлар ортидан «Сорос жамғармаси» ва АҚШ бюджетидан бевосита ёки билвосита молиялаштириладиган бошқа нодавлат ташкилотлар фаолияти тўхтатилган. Шу сабабли Рубио ташрифи ҳамкорликнинг янги шаклига ўтиш сифатида талқин қилинмоқда.
Давлат котибининг ўзи билан америкалик тадбиркорлар ва бўлажак инвесторларни олиб келгани АҚШнинг Марказий Осиёдаги иштирокини кучайтириш, Америка бизнесининг минтақа бозорларига кириш имкониятларини кенгайтириш ва табиий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини оширишга интилаётганидан далолат беради. Шунингдек, Вашингтон Россия ва Хитой билан анъанавий равишда яқин алоқада бўлган минтақа давлатлари билан муносабатларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилмоқда.
Айни пайтда АҚШнинг бугунги сиёсати СССР парчалангандан кейинги дастлабки ўн йилликларда олиб борилган сиёсатдан сезиларли даражада фарқ қилади. Энди асосий эътибор инвестициялар, савдо, энергетика ва стратегик ресурсларга қаратилмоқда.
Вашингтоннинг асосий амалий манфаатлари, анчадан бери маълум бўлганидек, муҳим фойдали қазилмалар, энергетика, транспорт йўлаклари ва Марказий Осиё иқтисодиётларини халқаро таъминот занжирларига қўшиш имкониятлари билан боғлиқ. Бугунги кунда бу занжирларнинг кўпчилиги Хитойга боғлиқ.
«Reuters» агентлигининг таъкидлашича, АҚШ минтақадаги ноёб ер металлари ва бошқа стратегик ресурслардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, савдо алоқаларини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Самарқандга келган америкалик тадбиркорлар орасида «Boeing» авиакомпанияси, «Citibank» банки ва «Franklin Templeton» инвестиция фонди вакиллари, шунингдек, муҳим фойдали қазилмалар билан ишлайдиган компаниялар бор. Қолаверса, олдинроқ Сержио Гор «Traxys», «Starlink», «Air Products» сингари компаниялар ҳам борлигини айтганди.
Рубио бошчилигидаги делегация Самарқандга ташрифини Регистон майдонини зиёрат қилишдан бошлади. АҚШ делегациясига Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳамда ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ҳамроҳлик қилди.
Ўзбек журналистлари уларни саволга тутиб, Трампнинг Ўзбекистонга келиш режаси ҳақида сўради. Рубио эса президентнинг келгусидаги сафар режалари ҳақида ҳозирча изоҳ беролмаслиги, бироқ америкалик расмийлар бу ташриф амалга ошишини исташини айтди. У 2027-йилда ушбу масала устида ишлаб, қайси саналар мақбул бўлишини кўриб чиқмоқчи эканини маълум қилди.
Трампнинг яқин дўсти ва АҚШнинг юқори лавозимли савдо вакили Паоло Замполли ҳам яқинда Тошкентга ташрифи вақтида Ўзбекистон телевидениесига берган интервюсида Ўзбекистон Трампнинг «амалга оширмоқчи бўлган ташриф рўйхати»да борлигини айтганди. Президентнинг дўсти Трамп ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўртасида яқин муносабат шаклланганини урғулар экан, ўшанда икки президентнинг алоқаларини «ўзига хос» дея таърифлаганди.
Лекин Замполли Тошкентга келиб кетганидан сал ўтмай ишдан олинди. 15-октябр куни АҚШ президентининг глобал ҳамкорлик бўйича махсус вакили кутилмаганда ишдан бўшатилди. Бунга Замполлининг АҚШ Давлат котиби ўринбосари Кристофер Ландау билан узоқ вақт давом этган ва оммага сизиб чиққан кескин электрон ёзишмалари (можароси) сабаб бўлган. Давлат департаменти Замполлидан фақат маданий алоқалар билан шуғулланишни талаб қилган, бироқ у ўзбошимчалик билан ташқи сиёсат ва иқтисодий келишувларга аралашиб кетган.
Нима бўлганда ҳам Замполли Трампга жуда яқин одам. У Американинг биринчи хоними Меланияни Трамп билан таништирган шахс сифатида ҳам танилган.
Рубио журналистларнинг саволларига жавоб беришда давом этар экан, кун тартибида икки томонлама муносабатларга оид кўплаб масалалар борлигини айтди. У дунёнинг бошқа мамлакатлари каби Ўзбекистон ҳам халқаро майдонда содир бўлаётган воқеаларни, уларнинг глобал иқтисодиётга таъсирини диққат билан кузатяпти, деган умиддалигини билдирди.
Шу билан бирга, икки томонлама муносабатларда жуда кўп ижобий ўзгаришлар юз бераётгани, энг муҳими, муносабатлар муаммолар ёки зиддиятлар эмас, балки имкониятлар асосида ривожланаётганини таъкидлади.
Рубионинг айтишича, Ўзбекистон иқтисодиёти жадал ўсиб бораётган мамлакат. Бу ерда аҳоли фаровонлигини ошириш учун катта имкониятлар яратилмоқда. Америка компаниялари ҳам бунга қизиқиш билдирмоқда. Америка расмийлари ҳамкорликни янада қандай кенгайтириш мумкинлигини ўрганиш учун ҳам айнан Самарқандга келган. У «Бу ташриф халқларимиз ва мамлакатларимизни бир-бирига янада яқинлаштиради, чунки муносабатларни ўзаро фаровонлик ва умумий иқтисодий манфаатлардан кўра кучлироқ мустаҳкамлайдиган омил йўқ. Биз айнан шу йўналишда ишлашни мақсад қилганмиз» деб айтди.
Рубио, шунингдек, Марказий Осиё АҚШ ташқи сиёсатида етарлича эътибор олмагани, аммо бу ҳолат ўзгараётганини билдирди. У ўтган йили ҳам минтақа раҳбарлари ва президент билан учрашгани, Конгресс делегацияларини ҳам бу ерга кўпроқ ташриф буюришга ундамоқчи экани, ўзи ҳам яна қайтиб келишга умид қилаётганини айтди. Америка мулозими бу ташриф ҳамкорликнинг пойдевори холослиги, якун эмас, балки ҳали бошланиши эканини билдирди.
Дастлаб журналистлар саволга тутган бўлса, кейин Рубио ўзбекистонлик журналистларга савол билан юзланди. У суҳбатдошларидан бирига юзланиб, ундан ўзбек тилида гаплаша оласизми деб сўради. Суҳбатдоши эса рус тилида жуда яхши гапиришини айтди. Аммо Америка ташқи сиёсат идораси бошлиғи Рубио «бу расмий тил эмас, лекин кўпчилик шу тилда гаплашади, буни тушунаман», дея муносабат билдирди.
Кун давомида Рубио Самарқандда Ўзбекистон ТИВ раҳбари билан учрашди. У ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокаралар ўтказгани ҳақида хабар қолдирди.
Томонлар АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни, жумладан, инфратузилма, коинот, муҳим минераллар ва «C5+1» дипломатик платформаси орқали ҳамкорликни чуқурлаштиришни муҳокама қилишган.
«Биз мамлакатларимиз ва минтақамиз фаровонлигини таъминлаш йўлида биргаликда ҳаракат қилмоқдамиз», — дея пост қолдирди Рубио.
Америка расмийлари Самарқандда бўлиб турган бир пайтда, Ўзбекистонда Google Pay хизмати ишга тушди. «C5+1» форматидаги тадбирлар доирасидаги панель сессиясида Google Cloud’нинг давлат сиёсати ва давлат ташкилотлари билан алоқалар йўналиши бўйича раҳбари Марчин Красуски эълон қилди. Энди Android телефон фойдаланувчилари харидлар учун банк картасисиз, телефоннинг ўзида тўловларни амалга ошириши мумкин.
Хизматдан фойдаланиш учун телефонда NFC функцияси бўлиши ва банк карта Google Wallet иловасига уланган бўлиши керак. Тўлов қилиш эса оддий: телефонни блокдан чиқариб, терминалга яқинлаштирасиз. Иловaни алоҳида очиш шарт эмас.
Лекин ҳозирча барча банк карталари Google Pay’да ишламайди. Қайси банкларнинг карталари қўллаб-қувватланиши ҳақида тўлиқ рўйхат эълон қилинмаган. Humo ва Uzcard карталарининг уланиши ҳам ҳозирча расман тасдиқланмаган.
Картангиз ишлашини Google Wallet иловасига қўшиб кўриш орқали текширишингиз мумкин.
Айтилишича, Америка делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида ўтказилган бизнес тадбирлари доирасида савдо, инвестиция ва технологик ҳамкорлик соҳасида умумий қиймати 12 миллиард долларни ташкил этувчи 54 та шартномадан иборат пакет имзоланган.
Самарқанддаги учрашувлар давом этар экан, Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари Саидов ўз саҳифасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Америка Қўшма Штатларини бирлаштирган «C5+1» форматидаги вазирлар учрашуви ўтказилгани, унда нималар гаплашилганини ёзди. Саидов Марказий Осиёдаги мавқедошлари ҳамда Рубиони ушбу мулоқотга асос солинган шаҳарда учрашишдан мамнунлигини билдирди.
Ўзбекистон вазирининг айтишича, суҳбатда улар савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, узоқ муддатли инвестицияларни жалб этиш, транспорт, энергетика ва рақамли инфратузилмани ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашишган. Муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишган. Унинг урғулашича, бу минтақада янги саноат қувватлари, иш ўринлари ва технологик имкониятларни яратишга хизмат қилади.
Шунингдек, бизнес вакилларини устувор лойиҳаларни белгилаш ва илгари суришга жалб этиш учун «C5+1» ва «B5+1» форматлари ўртасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш таклиф этилган.
Бахтиёр Саидовга кўра, Самарқанддаги мулоқот сиёсий келишувларни аниқ инвестициялар ва қўшма лойиҳаларга айлантиришга янги суръат бағишлашига унинг ишончи комил. Ўзбекистон «C5+1» котибиятига ҳамраислиги давомида ушбу йўналишларда изчил ва амалий ҳамкорликни давом эттиришга тайёр.





