Рубл 2026-йилда кескин заифлашиши мумкин — Герман Греф
«Бундай кучли рублни ушлаб учун имконият кўрмаяпман», деди «Сбербанк» раҳбари ва 2026-йилдан курс пасайишини башорат қилди.

«Сбербанк» раҳбари Герман Греф 2026-йил иккинчи чорагидан бошлаб рубл курси пастлашиши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, Марказий банк томонидан валюта бозоридаги «дарча операциялари» ҳажмини қисқартириш ва тўлов баланси профицитининг камайиши курсни пастга буриши мумкин.
«Бу йил ўтган йилдагидек кучли рубл мавжуд бўлиб туриши учун бирорта ҳам имконият кўрмаяпман. Бу деярли барча кўрсаткичлар бўйича самарали эмас», деди Греф журналистлар саволларига жавоб берар экан.
Қайд этиб ўтиш жоиз, 2025-йилда рубл долларга нисбатан қарийб 45 фоизга мустаҳкамланган эди.
Тўлов баланси ва бюджет қоидаси
Грефнинг эслатишича, 2025-йилда Россия тўлов баланси профицити 41 млрд долларни ташкил этган, 2026 йилда эса бу кўрсаткич 10 млрд доллар атрофида бўлиши кутилмоқда. «Бундай параметрлар билан доллар курс 80 рубл даражасида қолиши — назария ва амалиётга зид ҳолат», деди у.
«Сбербанк»нинг расмий прогнозига кўра, 2026-йил охирига бориб доллар курси 85–90 рубл оралиғида бўлиши мумкин. Греф шахсий баҳосида эса курс 95 рубл атрофида, айрим шароитларда 100 рублга яқинлашиши эҳтимолини айтди.
Марказий банк сиёсати
Россия молия вазири Антон Силуанов нефт учун базавий нархни пасайтириш масаласи кўриб чиқилаётганини билдирган. Бу қарор қабул қилинса, Марказий банк валюта таклифини қисқартириши мумкин. Ҳозир Марказий банк биржа орқали кунлик 16,5 млрд рубллик юан ва олтин сотмоқда, бу рублни қўллаб-қувватлаётган омиллардан бири ҳисобланади.
Греф таъкидлашича, «Urals» маркали нефт бўйича дисконтлар ва паст нархлар шароитида рубл мустаҳкамлигини сақлаб қолиши қийин. «Бу икки омил — тўлов баланси ва дарча операциялари иккинчи чоракдан курс ўсишига олиб келиши керак», деди у.
Шу билан бирга, банкир аниқ суръатни башорат қилиш қийинлигини таъкидлаб, «қон билан имзо чекиш» талаб қилинса, бундай прогнозни кафолатламаслигини билдирди.





