Сергели автомобил бозорида 100 нафар олибсотарнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди

Bugun 21:552 daqiqa

Тошкентдаги Сергели автомобил бозорида ўтказилган рейдлар давомида 100 нафар ноқонуний воситачилик ва олибсотарлик фаолияти билан шуғулланганлар аниқланди, айримлари маъмурий жазога тортилди, икки нафари эса узоқ муддатга қамалди.

Сергели автомобил бозорида 100 нафар олибсотарнинг ноқонуний фаолиятига чек қўйилди © IIBB videosidan kadr

Тошкент шаҳридаги Сергели автомобиль ва эҳтиёт қисмлар бозорида ноқонуний олиб-сотарлик билан шуғулланган шахсларга қарши кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

Маълум қилинишича, халқ орасида «сайгак» номи билан танилган воситачилар бозорга келган харидорларга эҳтиёт қисмларини арзон ва тез топиб беришни ваъда қилган. Аммо амалда маҳсулотлар одатий нархидан икки-уч баробар қиммат нархларда сотилган.

100 нафар шахс аниқланди

ИИББ маълумотига кўра, рейдлар давомида бозор ҳудудида ноқонуний воситачилик билан шуғулланган 100 нафар шахс аниқланган ва уларнинг барчаси тегишли тартибда расмийлаштириш учун туман бўлимига олиб борилган.

Улардан 50 нафари билан профилактик суҳбат ўтказилган бўлса, 30 нафарига нисбатан маъмурий қамоқ ва жарима жазолари қўлланилган.

«Бундай ноқонуний воситачилар фаолияти сифатсиз маҳсулотлар савдосининг кўпайишига, нарх-навонинг сунъий ошиб кетишига, истеъмолчи томонидан эътирозлар кўпайиб, харидорнинг бозорга бўлган ишончи пасайишига сабаб бўлади», — дейилади хабарда.

Сотувчиларнинг таъкидлашича, айрим олиб-сотарлар бозорда 100 минг сўмлик эҳтиёт қисмини бир неча баравар қиммат нархда сотиб, харидорларнинг норозилигига сабаб бўлган. Бу ҳолат бозорнинг обрўси ва мижозлар ишончига ҳам салбий таъсир кўрсатган.

«Машина бозорида «сайгак»лик қилар эдим, ноқонуний ишлар эдик. Ноқонунийлигини тушуниб етдик. Тушунтириш ишларини олиб боришди. Бу ишимиздан қаттиқ пушаймонман. Бундан буёғига қонуний ишлашга сўз бераман. Келгусида ишлаётган болаларга маслаҳатимиз, бу ишни қилманглар, яхшиликка олиб келмайди», — дея таъкидлади олибсотарлардан бири.

Икки фирибгар қамалди

ИИББ маълумотига кўра, 2025 йил ва 2026 йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур бозорда содир этилган қонунбузарликлар бўйича ўнга яқин жиноят иши қўзғатилган.

2026 йил январь ойида эса арзон автомобиль олиб беришни ваъда қилиб фуқаролар маблағларини ўзлаштирган икки шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилган.

Жумладан, фуқаро Тожибоев жуда кўп миқдордаги фирибгарлик жинояти учун 9 йилга, Шерқобилов эса 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Ички ишлар органлари фуқароларга маҳсулот ва хизматларни фақат расмий савдо нуқталари орқали харид қилишни тавсия қилди.

Teglar

Mavzuga oid