Сергелида туристик кўча қурилишига 5 млрд сўм ажратилди

Kecha 23:001 daqiqa

Пойтахт ҳокимининг қарорига асосан, туманда 24 соат давомида узлуксиз хизмат кўрсатувчи янги гастрономик ва кўнгилочар маскан барпо этилмоқда.

Сергелида туристик кўча қурилишига 5 млрд сўм ажратилди

Тошкент шаҳри ҳокимининг 3 июн куни имзоланган қарорига мувофиқ, Сергели туманидаги Янги Сергели кўчаси замонавий туристик масканга айлантирилади. Мазкур ҳудуд 24 соат фаолият юритадиган туристик кўча сифатида ташкил этилади.

Лойиҳани амалга ошириш учун Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 5 миллиард сўм ажратилиши белгиланган.

Маблағлар қурилиш ва таъмирлаш ишлари, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ҳамда замонавий шаҳар инфратузилмасини шакллантиришга йўналтирилади.

Гастрономик ҳудуд

Аввалроқ Сергели туманида махсус гастрономик кўча ташкил этилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилинган эди.

Узлуксиз фаолият юритадиган мазкур кўча Сўғдиёна ва Жалойир кўчалари кесишмасида жойлашади. Йўналиш маҳаллий ҳокимлик биноси ҳамда Янги Сергели истироҳат боғидан бошланиб, «Fayz» мебел фабрикаси ҳудудигача давом этади.

Лойиҳада кўчанинг асосий қисми Жалойир кўчасида жойлашиши назарда тутилган. Бу ерда савдо, овқатланиш ва дам олиш объектларини жойлаштириш режалаштирилмоқда.

Мутасаддиларга кўра, гастрономик кўчанинг умумий узунлиги 1,2 километрни ташкил этади.

Teglar

Mavzuga oid