Logo

Шавкат Мирзиёев Бишкекда Си Жинпинг билан учрашди

Ўзбекистон ва Хитой раҳбарлари савдо, инвестиция, энергетика ҳамда транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг янги йўналишларини муҳокама қилди.

Шавкат Мирзиёев Бишкекда Си Жинпинг билан учрашди © Foto: president.uz

Бишкекда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Жинпинг билан учрашди. Музокараларда икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда келгуси йил Ўзбекистон ва Хитой ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 35 йил тўлиши қайд этилди. Шу муносабат билан юбилей санани кенг нишонлаш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш таклиф қилинди.

Томонлар сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик изчил ривожланаётганини таъкидлади. Ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги стратегик мулоқотни давом эттириш ва парламентлараро алоқаларни чуқурлаштириш муҳимлиги қайд этилди.

2025 йилда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 18 миллиард долларга яқинлашди. Музокараларда яқин йилларда ушбу кўрсаткични 30 миллиард долларга етказиш бўйича янги маррани белгилаш таклиф қилинди.

Бунинг учун саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш, Ўзбекистон корхоналарининг Хитойдаги савдо кўргазмаларида фаол иштирокини таъминлаш режалаштирилмоқда.

Айни пайтда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели қарийб 60 миллиард долларни ташкил этмоқда. Ўзбекистонда 6 мингдан ортиқ қўшма корхона фаолият юритмоқда.

Энергетика, кимё, металлургия, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, транспорт, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги ва юқори технологиялар саноат кооперациясининг истиқболли йўналишлари сифатида белгиланди. Рақамли иқтисодиёт ва тоғ-кон соҳасидаги янги «ўсиш нуқталари»ни кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Технология ва транспорт


Технологик шерикликнинг муҳим намунаси сифатида «BYD» компанияси билан электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик қайд этилди. Томонлар ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш режаларини қўллаб-қувватлади.

Хитой компанияларига Ўзбекистон ҳудудларидаги қўшма саноат зоналарида ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этишда фаол иштирок этиш таклиф қилинди. Хитойнинг етакчи молия институтлари билан ҳамкорликни кенгайтиришга ҳам қизиқиш билдирилди.

Энергетика соҳасида анъанавий ва муқобил энергетика бўйича шерикликни кенгайтириш, Хитой компанияларини тинч атом лойиҳаларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Транспорт соҳасида «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» стратегик темир йўлини қуриш ишларини давом эттириш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу йўналиш Евроосиё транспорт тизимининг муҳим бўғинига айланиши кутилмоқда.

Гуманитар алоқалар кенгаймоқда

Туризм ва гуманитар алмашинувларни ривожлантириш, икки мамлакат шаҳарлари ўртасида авиақатновлар географияси ва парвозлар сонини кенгайтириш режалари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон ва Хитой маданият марказларини очиш бўйича ишлар давом эттирилади. Йил якунига қадар Хитойда Ўзбекистон маданияти кунларини ўтказиш, 2027–2029 йилларга мўлжалланган маданий тадбирлар дастурини қабул қилиш таклиф этилди.

Илм-фан, таълим ва кадрлар тайёрлаш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш, Хитой тилини ўрганиш, қўшма таълим дастурларини кўпайтириш ҳамда ўзбекистонлик ёшлар учун Хитойда таҳсил олиш квоталарини ошириш масалаларига эътибор қаратилди.

Музокараларда «Хитой – Марказий Осиё» форматидаги минтақавий шерикликни чуқурлаштириш ва келгуси йил Хитойда ўтказиладиган учинчи саммитга тайёргарлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Мирзиёев Си Жинпингни Ўзбекистонга ташриф билан келишга таклиф қилди.

Teglar

Mavzuga oid