Шавкат Мирзиёев Эрон президентига ҳамдардлик билдирди

02.03.2026 | 16:453 daqiqa

Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев Эрон президенти Масъуд Пезешкиёнга йўллаган мактубида мамлакатнинг олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев Эрон президентига ҳамдардлик билдирди © Фото: t.me/Press_Secretary_Uz

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг вафоти муносабати билан Эрон Ислом Республикаси президенти Масъуд Пезешкиёнга йўллаган мактубида ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Эроннинг Тошкентдаги элчихонаси маълум қилди.

Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаий 28 феврал куни Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди. Хоманаийнинг ўлими муносабати билан мамлакатда 40 кунлик миллий мотам ва бир ҳафталик таътил эълон қилинди. Хоманаийдан ташқари Исроил ва АҚШ ҳужумлари оқибатида унинг қизи, куёви, набираси ва келини ҳам ҳалок бўлган. Эрон давлат телевидениеси олий раҳбар Оятуллоҳ Хоманаийнинг маслаҳатчиси адмирал Али Шамхоний ва қуруқликдаги қўшинлар қўмондони генерал-майор Муҳаммад Пакпур ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Эрон қонунчилигига кўра, янги раҳбар сайлангунга қадар мамлакатни 3 кишилик вақтинча кенгаш бошқаради. Бу кенгаш таркибига президент Масъуд Пезешкиён, суд ҳокимияти раҳбари Ғуломҳусайн Муҳсини Эжайи ҳамда Конституцияни муҳофаза қилиш кенгаши аъзоси оятуллоҳ Али Ризо Арафи кирди.

Хоманаийнинг ўлими ортидан Эрон қарши ҳужумга ўтиб, Исроил ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги ҳарбий базаларига зарба бера бошлади. Бунинг ортидан вазият янада жиддийлашди.

Ўзбекистон позицияси

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескин равишда таранглашуви ва кенг минтақада янги зиддиятли ҳолат юзага келганидан жиддий хавотирдалигини билдирди.

«Барча томонларни вазминликка даъват этиб, нафақат ҳарбий-сиёсий, балки гуманитар жиҳатдан олдиндан кўриб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган хавфли кескинлашувга сабаб бўладиган кейинги қадамлардан тийилишга чақирамиз», – дейилади ТИВ баёнотида.

Расмий Тошкент вужудга келган инқирозни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ва ўзаро мақбул мулоқот йўли билан ҳал этиш мақсадга мувофиқ эканини таъкидлаган. Ўзбекистон Республикаси минтақавий барқарорлик ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлашнинг изчил тарафдори экани ва вазиятнинг энг тез фурсатларда нормаллашувидан умидвор бўлиб қолиши билдирилган.

Умра сафарлари вақтинча тўхтатилди

Яқин Шарқ минтақасида юзага келган вазиятнинг кескинлашуви ҳамда ҳаво маконидан фойдаланиш бўйича жорий этилган вақтинчалик чекловлар сабабли қатор авиақатновлар бекор қилинмоқда. Шу муносабат билан Ташқи ишлар вазирлиги томонидан фуқароларга ушбу ҳудуддаги давлатларга сафар уюштирмаслик, айни пайтда ўша ерларда бўлиб турган ватандошларга эса эҳтиёткорлик чораларини кучайтириш юзасидан зарур тавсиялар берилмоқда.

Мазкур вазиятни инобатга олган ҳолда, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда туроператорлар томонидан ташкил этилаётган умра сафарлари вақтинча кечиктирилади. Хусусан, 2 март куни идора томонидан режалаштирилган Тошкент-Жидда йўналишидаги навбатдаги Умра зиёратчилари рейси ҳам маълум муддатга қолдирилди.

2026 йил 2 мартдан бошлаб «Uzbekistan Airways» томонидан Жидда – Тошкент йўналишида репатриация рейслари йўлга қўйилади. Улар орқали умра дастури асосида Саудия Арабистонига жўнаб кетган Ўзбекистон фуқаролари босқичма-босқич ватанга қайтарилади.

Исроилдаги Ўзбекистон элчихонаси минтақа хавфсизлик муҳити ёмонлашаётгани муносабати билан фуқароларга мамлакатни вақтинча тарк этишни тавсия қилди.

Teglar

Mavzuga oid