Шерзод Ходжаев Энергетика вазири лавозимига тайинланди
У мазкур лавозимда яқинда вазифасидан озод этилган Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ўрнини эгаллади.
© Energetika vazirligiЖўрабек Турсунпулатович Мирзамаҳмудовнинг Энергетика вазири лавозимидан озод этилгани расман тасдиқланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Президент фармони билан Мирзамаҳмудовнинг ўрнига Шерзод Хикматуллаевич Ходжаев Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири лавозимига тайинланди. Бундан илгарироқ Шерзод Хўжаев номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланган эди.
Тайинлов муносабати билан Шерзод Ходжаев 2023-йилдан буён эгаллаб келган Ўзбекистон Республикаси Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори лавозимидан озод этилди.
Маълумот учун, Шерзод Ходжаев меҳнат фаолиятини 1998-йилда Энергетика ва электрлаштириш вазирлигида дастурчи-муҳандис сифатида бошлаган. Кейинчалик у «Ўзбекенерго» давлат акциядорлик компаниясида турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб, 2017-йилгача директор ўринбосари, 2018-йилгача эса компания директори вазифасини бажарган.
2019–2023-йилларда энергетика вазирининг ўринбосари сифатида фаолият юритган Ходжаев 2023-йилда Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Электр энергетикаси тармоғини ислоҳ қилиш бўйича лойиҳа офисига раҳбарлик қилди. Ўша йил январь ойида мамлакатда кузатилган энергетика инқирозидан сўнг у эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
2023-йилдан буён Шерзод Ходжаев Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлиги директори сифатида ишлаб келаётган эди.





